“Ўзбекнефтгаз”: Агар сиз умумий транспортдан фойдалансангиз йўл ҳақи учун тез, қулай ва хавфсиз тўловни танланг!

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 2020 йилдаги 643-сонли қарорда умумий транспортдан фойдаланадиган аҳолига қулай шарт-шароит яратиб бериш мақсадида соҳага замонавий технологияларни тадбиқ этиш вазифаси белгилаб берилган эди. Айни пайтда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан қарорда белгилаб берилган вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида “АТТО” ягона транспорт картаси жорий этилган.

Ушбу картадан фойдаланиш авваломбор, йўловчиларга турли вирусларнинг ташувчиси бўлиб қолаётган энг асосий восита – нақд пул муомаласига чек қўйилиши, қолаверса, тўлов учун тез ва қулайлиги билан аҳамиятлидир.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Ахборот хизматининг “Ўзбекнефтгаз”АЖ Матбуот хизматига берган маълумотига кўра, “ATTO” карталарини ойлик йул чипталарини сотиш шаҳобчаларида ҳамда метрополитен кассаларида 15 000 сўмдан харид қилиш мумкин. Бунда тўлов килинган 15 000 сўмнинг 5 000 сўми картанинг ҳисобиги ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, ягона транспорт карталарини ATTO, МyUzcard, Apelsin, Payme, CLICK ва шу каби бошқа тўлов тизимларининг мобил иловалари орқали, шунингдек, https://atto.uz/ веб-сайтидаги шахсий кабинет орқали ҳисобини тўлдириш имконияти мавжуд.

Шунингдек, АТТО транспорт карталари Банк карталари каби ҳимояланганлиги айтилмоқда. Унинг хавфсизлик даражаси ўта юқори даражада бўлиб, йўқотиб қўйилган карта телефон рақамига боғланган бўлса, фойдаланувчи ўз картасини блоклаш имкониятига эга. Бунда, блокланган картадан янги картага пул ўтказиш имконияти ҳам йўлга қўйилган.

Қуйида тақдим этиладиган видеода сиз ушбу транспорт картаси ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишингиз мумкин.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|