“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси ва “Ишчи гуруҳ” Бухородаги Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлди (Фоторепортаж)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Учқир газни олтингугуртдан тозалаш” комплексидаги қурилмаларнинг қурилиш ишлари ҳолатини ўрганди.

“Учқир газни олтингугуртдан тозалаш” комплексида табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш, сифат кўрсаткичларини яхшилаш ва истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бошқарув раиси конлардан қазиб олинаётган табиий газни паст босимдан юқори босимга ошириб бериш ва кунлик 1,5-2,0 млн.куб.м табиий газ қазиб чиқариш учун қурилаётган “Учқир сиқув компрессор станцияси”даги якуний қурилиш ишлари билан ҳам яқиндан танишди.

Шунингдек, “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан “Учқир сиқув компрессор станцияси” ва “Учқир газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси”да бажарилаётган кенг кўламли ишларнинг қурилиш ва монтаж ишлари жараёнидаги муаммоли масалалар аниқланди ва уларни ечими юзасидан мутахассислар билан муҳокамалар ўтказилди ҳамда тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Бошқарув раиси томонидан пандемия даврида иш майдонида назоратни кучайтириш, иш жойларини тез-тез дизенфекция қилиш, огоҳликни ошириш ва ишчи ходимлар орасида инфекция тарқалишини олдини олиш чораларини кўриш юзасидан корхона раҳбари ва пудратчи ҳамкорлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Қурилиш майдонида қурилиши режалаштирилган қурилмаларни белгиланган муддатларда ишга тушириш учун муаммоли масалалар ва уларнинг ечими юзасидан фикр алмашилди ва ўз вақтида ишларни якунлаш вазифаси юклатилди.

Бошқарув раиси ва “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан пудратчи корхона раҳбарлари билан музокоралар ўтказилди ҳамда “Учқир сиқув компрессор станцияси”ни жорий йилнинг июль-август ойлари якунига қадар ишга тушириш ва тўлиқ белгиланган меъёрлар асосида ишлатиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасини белгиланган муддатларидан аввал ишга тушириш учун хорижий ташкилотлардан олиб келиниши режалаштирилган қурилмаларни етказиб келиш, республикадаги ишлаб чиқарувчи ташкилотлар билан музокоралар олиб бориш юзасидан ишларини жадаллаштириш кераклиги таъкидланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев табиий газ ҳажми тушиб кетмаслигини олдини олиш мақсадида, табиий газ қазиб чиқариш қудуқларида олиб борилаётган таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, қазиб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган бурғилаш ва технологик жараёнлардаги чора-тадбирларни белгиланган муддатларидан аввал ишга тушириш бўйича топшириқлар берди.

Қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш юзасидан қўшимча тадбирларни ишлаб чиқиш, табиий газ сифат кўрсаткичларини янада яхшилаш мақсадида замонавий қурилма ва ускуналардан фойдаланиш даражасини ошириш белгиланди.

Ўрганиш давомида жойлардаги қудуқларни бурғилаш ва таъмирлаш ишларини тезлаштириш, уларни муддатидан аввал тугатиб ишга тушириш учун моддий товар бойликларини етказиб келишни жадаллаштириш юзасидан қатъий назоратга олинганлиги, бу йўналишда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг манфаатдор бўлиши учун барча шароитлар яратишга алоҳида эътибор берилди.

Эслатиб ўтамиз, Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Бухородаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари фаолиятини ўрганмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|