“Ўзбекнефтгаз”: “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводининг инновацион ривожланиш ҳолати ижобий баҳоланди (фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги ПФ–6097-сонли Фармони билан “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2020–2022 йилларда амалга ошириш” бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”да назарда тутилган чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига биноан нефть ва газни қазиб чиқариш бошқармалари ва қайта ишлаш корхоналарида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг ёқилғи-энергетика саноатини ривожлантириш бўлими бошлиғи С.Бердиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводининг инновацион ривожланиш ҳолатини ўрганиб чиқди.

Бугунги кунга заводда “Ўзбекнефтгаз “ АЖ Бошқаруви раисининг қўллаб-қувватлаши ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг кўмаги билан илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда нефть ва газ саноатида илмий-техник тараққиётга ҳисса қўшадиган инновацион ишланмалар ва замонавий технологиялар тўлиқ тадбиқ этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти (ЎзКФИТИ) томонидан 5150 кг миқдордаги импорт ўрнини босувчи “Ўз-AД-1” русумли маҳаллий адсорбент ишлаб чиқилган ва заводдаги мавжуд саноат қурилмаси - “21-Д-06”га юклаган ҳолда, саноат-тажриба синовлари бошланган. Ушбу ҳамкорлик натижасида 20 000 АҚШ доллари миқдорида валюта маблағлари тежалишига эришилди.

Ушбу институт билан тузилган шартнома асосида импорт ўрнини босувчи “Ўз-AД-3” русумли маҳаллий адсорбентни ишлаб чиқиш бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида, заводдаги “Риформинг” қурилмасининг “22-Y-01” жиҳози билан параллель ҳолда ишловчи тажриба адсорбери ўрнатилган ва синовлар мониторинги олиб борилмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари "Бухоро НҚИЗ" ва “Фан ва тараққиёт” ДУК ўртасидаги шартнома асосида заводда нефтни тузсизлантириш ва сувсизлантириш қурилмасида саноат-тажриба синовлари натижасида янги маҳаллий деэмульгаторнинг тузлар миқдори 200 мг/л гача бўлган нефтларда ижобий натижа кўрсатганлиги ҳолатини ўрганишди.

Шу билан бир қаторда, кооперация алоқаларини ривожлантириш доирасида Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти қошидаги “Kimyoviy texnologiya” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган инновацион сузувчи понтон қурилмаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш мақсадида, “Бухоро НҚИЗ”нинг 55-сиғими (РВС-55)га 7236 та сузувчи понтон қурилмалари ҳам ўрганилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига асосан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериладиган кимёвий реагентларни синовдан ўтказиш мақсадида, ҳаво компрессор станциясининг саноат адсорберига байпас равишда ўрнатилган синов адсорберига 2020 йил 16 декабрида 50 кг миқдорда силикагель юкланган ва ҳозирда самарадолик мониторинги олиб борилмоқда.

Керосинни димеркаптанлаш қурилмаси учун қўлланиладиган фаоллаштирилган кўмирларни саноат усулида синовдан ўтказиш мақсадида, 12-Д-01 қурилмасининг экспериментал жиҳози тайёрланган ва керосинни димеркаптанлаш қурилмасига ўрнатиш ишлари амалга оширилган.

Ташриф давомида ишчи гуруҳ аъзоларига республиканинг илмий-тадқиқот институтлари билан биргаликда ишлаб чиқилиб, заводда амалга оширилган ва амалга оширилиши режалаштирилган инновацион лойиҳалар бўйича тақдимот материаллари ҳам кўриб чиқилди.

ЕВРО-5 маркадаги дизель ёқилғиларининг мойловчанлик хоссаларини яхшиловчи маҳаллий қўндирма (присадка)ни қўллаган ҳолда, 2021 йилнинг 25–26 январь кунлари ЕВРО-5 дизель ёқилғисининг синов-саноат партияси ишлаб чиқарилиб, лаборатория таҳлилларининг натижаси ўрганилди.

Шунингдек, “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ ва “O‘ZLITINEFTGAZ” AЖ ўртасида ўзаро илмий-техник ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича 2021–2022 йилга мўлжалланган илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича “Йўл харитаси” тузилганлиги ишчи гуруҳ томонидан ижобий баҳоланди.

Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқаришга тадбиқ этилган ҳамда синовлари ўтказилаётган ишлар жойига чиқиб ўрганилди. Шу билан бирга, заводнинг марказий ва тадқиқот лабораторияси кўздан кечирилиб, унинг ускуналар билан жиҳозланганлиги ва илмий потенциали кўриб чиқилди.

Мутахассислар томонидан “Бухоро НҚИЗ”да ҳосил бўладиган нефть шлами чиқиндисини қайта ишлаш масаласида бир қанча таклифлар берилди.

Ташриф давомида илм-фаннинг ишлаб чиқаришга интеграцияси бўйича ўтказилган танқидий таҳлиллар асосида келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати ва “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати ҳамкорлигида тайёрланди.

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|