“Ўзбекнефтгаз”: “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводида “Uzbekneftegaz GTL” учун кадрлар тайёрланмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи ва “Uzbekistan GTL” МЧЖ ўртасида ходимларни тайёрлаш бўйича келишув имзоланди. Ушбу келишувга асосан 2017–2020 йиллар давомида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, “Uz GTL” учун кадрларни тайёрлаш мақсадида 2017 йил ноябрь ойида 100 та иш ўрни: технологик қурилма кузатувчилари, энергоресурслар билан таъминлаш мутахассислари, технологик қурилма ва ускуналарни таъмирлаш чилангарлари, машинистлар, назорат ўлчов асбоблари ва автоматика мутахассислари, лаборатория таҳлилчилари, электромонтёрлар каби йўналишларда тақсимланган мутахассисликлар ажратилди.

Стажёрлар махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланиб келинмоқда. Штат жадвалида назарда тутилган ставкалар асосида ойлик иш ҳақлари белгиланган муддатда тўланмоқда. Улар Республикамизнинг турли вилоятларидан келганликлари сабабли улар учун турар жой – ётоқхона ва иш жойига бориб келишда автобуслар, “Жамоа шартномаси”да белгиланган қулай имтиёз, ижтимоий кафолатлар ажратилиб келинмоқда. Ҳар бир ишга қабул қилинган стажёрлар учун завод ҳудудида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси, газ хавфсизлиги, электр хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, саноат хавфсизлиги соҳаларида ўрнатилган талаблар, меъёрий нормалар ва қоидалар, завод ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилишлари бўйича назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилмоқда.

Стажёрларни тайёрлаш дастурлари “Бухоро НҚИЗ” ва “Uzbekistan GTL” билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган. Уларга мустақил ишлашга рухсат бериш, смена асосида иш тартибига ўтказиш бўйича бевосита цехларнинг ўзида, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда кўп йиллик тажрибага эга ишлаб чиқариш усталари ва муҳандис-техник ходимлар жалб этилган бўлиб, дарс жараёнлари замонавий интерактив ўқитиш методлари ва компьютер технологиялари асосида ташкил этиб келинмоқда.

Ҳар чоракда стажёрларни ўқитиш ишлари, назарий ва амалий кўникмаларини назорат қилиш мақсадида завод ва “Uz GTL” иштирокида мониторинг олиб борилади ва натижалари қўшма баёнот орқали маълум қилинади.

Заводда тайёргарликни муваффақиятли тугаллаган стажёрларни “Uz GTL” ишга жойлаштириш мақсадида саралаб олади.

“Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводининг улкан салоҳияти ва кўп йиллик юқори тажрибага эга мутахассислари газ-кимё мажмуаси қурилиши, фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш соҳасида кадрларни тайёрлашда ўз ҳиссасини қўшишда давом этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|