“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси “Шўртан” ва “Бўзахўр” конида бўлиб, вахта режимида ишлаётган ишчи-ходимлар учун яратилган шароит билан танишди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Қашқадарё вилояти ҳудудида жойлашган “Шўртан” ва “Бўзахўр” конида бўлиб, вахта режимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар учун яратилган шароит билан танишди.

Табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш учун конларда вахта режимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар учун дам олиш, овқатланиш, махсус кийим ва махсус автотранспорт воситалари билан таъминланганлик ҳолати ўрганилди.

Бошқарув раиси ишчи-ходимлар билан учрашиб, уларнинг оилавий шароити, моддий аҳволи, турмуш тарзи билан қизиқди ва улар билан суҳбатлашди. Ишчи-ходимларнинг ҳам таклифлари ўрганилиб, мавжуд муаммолари аниқланди.

Ишчи-ходимлар ҳам ўз навбатида ушбу кондан шу вақтга қадар 51,4 млн.м³ табиий газ ва 1,0 минг тонна газ конденсати қазиб олинганини таъкидлаб, йил якунига қадар 68,8 млн.м³ табиий газ ва 2,1 минг тонна газ конденсати қазиб олиш режасини бажаришга ваъда беришди.

Таъкидлаш керакки, бу “Бўзахўр” конида амалга оширилган чора-тадбирлар ўз самарасини бериб, қудуқлардан қўшимча 1,5 млн.м³ табиий газ ва 15 тонна газ конденсати қазиб чиқариш кутилмоқда.

Бундан ташқари, кондан қазиб олинаётган газ таркибидаги механик аралашмалар, техник суюқлик ва конденсатни ажратиб олиш учун Газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси қурилмоқда.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” ушбу қурилиш-монтаж ишлари ҳолатини ҳам ўрганди. Кондан қазиб олинаётган табиий газни “Шўртан” конидаги Газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси 1-навбатига етказувчи диаметри 325 мм узунлиги 16,0 км бўлган газ қувурида суюқликлар йиғилишини олдини олиш ва газ ўтказувчанлик самарадорлигини ошириш мақсадида қилинаётган ишлар муҳокама қилинди.

Лойиҳани ишга туширилиши билан нафақат “Бўзахўр” кони балки “Шарқий Бўзахўр”, “Чунағар”, “Ёрмоқ”, “Тарнасой” каби газ конларидан қазиб олинаётган табиий газни дастлабки тайёрлаш имконини бериши учун барча чоралар кўриши кераклиги айтилди.

Ушбу Газни дастлабки тозалаш қурилмаси учун зарур бўлган технологик аппаратлар, қувурлар ҳамда бошқа асбоб-ускуналарни “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз ички имкониятидан фойдаланган ҳолда, қурилиш-монтаж ишлари эса Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан амалга оширилиши бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, конлардан углеводородлар қазиб чиқаришни кўпайтириш мақсадида “Бўзахўр” конида сиқув компрессор станцияси қуриш лойиҳаси бўйича “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ билан ҳамкорликда лойиҳа олди илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш вазифаси ҳам белгилаб берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|