“Ўзбекнефтгаз”: Кооперация алоқаларини кенгайтириш мақсадида виртуал кўргазма ва унинг телеграм канали ташкил этилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 5 октябрдаги “”Рақамли Ўзбекистон–2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–6079-сонли фармони ижроси доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳаллийлаштириш ва улар билан кооперация алоқаларини кенгайтириш мақсадида алоҳида электрон платформа кўринишида Виртуал кўргазма ташкил этилди (ung.cooperation.uz).

Ушбу платформада ташқи ва ички бозорларда сотиб олиниши режалаштирилган 25 хил товар гуруҳига мансуб 8500 дан ортиқ маҳсулот турлари ҳақида маълумотлар мавжуд. Бундан ташқари, онлайн платформада “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган 50дан ортиқ турдаги маҳсулотлар бўйича маълумотлар келтирилган.

Маҳсулотни ўзлаштириш истагини билдирган тадбиркор учун портал орқали тегишли тартибда тасдиқланган техник топшириқномани юклаб олиш, маҳсулот бўйича талаб этиладиган стандартлар, унинг ташқи кўриниши, техник хусусиятлари, талаб этиладиган ҳажми билан танишиш, қизиқтирган саволлар бўйича қўшимча маълумотлар олиш имконияти яратилган.

Ҳозирда кўргазмани виртуал ташриф функцияси билан жиҳозлаш ишлари якунланди, бунда “Ўзбекнефтгаз” АЖда ишлаб чиқарилган ва импортдан келтирилган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларни визуал VR-360 технологияси ёрдамида кўрсатиш имконияти яратилди.

Айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Виртуал кўргазмаси фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда янада кенгроқ ишлашини тарғиб этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, портални республикада мавжуд харид порталлари билан интеграциялаш, унда фойдаланувчи учун қулайликларни кенгайтириш ва ҳоказо.

Виртуал кўргазма порталига ташриф буюрувчилар таҳлили шуни кўрсатадики, жорий йил 10 июль ҳолатига порталга дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 2000 га яқин ташрифлар қайд этилган, жумладан: Ўзбекистон - 938 та ташриф, Россия Федерацияси-433 та ташриф, Хитой-124 та ташриф, Қозоғистон-118 та ташриф ва бошқа мамлакатлар (Украина, Япония, Туркия, БАА, Германия, Польша, Руминия, Бельгия, Канада, Беларусь, Греция, Эрон, Ирландия, Италия, Литва, Португалия, Испания, Тожикистон, Англия, АҚШ ва бошқалар).

Кузатилган даврда порталда фойдаланувчилар томонидан жами 15 мингдан ортиқ ҳаракатлар (файлларни очиб кўриш, юклаб олиш, кўчириб олиш ва ҳоказо) амалга оширилган.

Бошқарув Раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи асосида, ишлаб чиқарувчилар ва ҳамкорлар билан оператив мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Виртуал кўргазманинг телеграм-гуруҳи яратилди. Телеграм-гуруҳида саноат кооперациясини ташкил этиш, маҳаллийлаштириш, янги маҳсулотларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш, саноат тажриба синовларини ўтказиш, импортни камайтириш ва маҳсулотларни рағбатлантириш бўйича ташриф буюрувчилар билан тезкор фикр алмашиш кўзда тутилган.

Телеграм гуруҳида товар гуруҳлари ва корхоналар кесимида режалаштирилган харидлар, зарур маҳсулотларнинг техник ва жисмоний хусусиятлари тўғрисида онлайн тарзда маълумот олиш, экспертлардан маслаҳат олиш имконияти яратилади.

Гуруҳда икки томонлама мазмунли мулоқотни ташкил этиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати, тижорат, бизнесни истиқболли ривожлантириш, инновациялар, газни қайта ишлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ахборот технологиялари, харидлар, саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги департаментларидан салоҳиятли мутахассислар доимий асосда гуруҳга бириктирилди.

Барча маълумотлар билан батафсил👉 @ungcooperation телеграмм-гуруҳи ва ung.cooperation.uz порталида танишишингиз мумкин.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|