December 7, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2021 йилнинг 11 ойи давомида бажарилган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида 2021 йилнинг январь-ноябрь ойлари якунлари ва 2022 йил учун белгиланган вазифалар ижроси борасида танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди.

Видеоселектор йиғилишида Бошқарув раиси томонидан барча департаментлар, бошқармалар, нефть ва газни қайта ишлаш заводлари учун барча шароитлар яратиб берилган бўлса-да, айрим раҳбарларнинг ўз вазифаларига нисбатан масъулиятсизликка йўл қўйганлари танқид остига олинди.

Тизимда самарадорликни ошириш учун ўзгаришлар қилингани, мавжуд муаммолар аниқланиб бартараф этилгани ҳамда қўшимча шароитлар яратиб берилаётганига қарамай жойларда масъулиятсизлик кайфиятидан воз кечилмаётгани таъкидланди.

Шунингдек Бошқарув раиси ўтган қисқа вақт мобайнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан мақтовга арзигулик ютуқларга эришилган, жумладан, акциядорлик жамияти барқарор рейтингга эга бўлгани, Лондон биржасига еврооблигациялар жойлаштирилгани эътироф этилди. Ушбу ютуқлар баробарида, Жамият зиммасига янада масъулият юклатилгани, шу сабаб ҳали амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар кўп эканлиги қайд этилди.

Шу қаторда халқаро майдонда ўз ўрнини мустаҳакмлаш учун молия институтлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида Молия институтлар билан ишлаш ҳамда қарздорлик мажбуриятларини бошқариш департаменти ташкил этилгани маълум қилинди.

Йиғилиш давомида, Бошқарув раиси жорий йилнинг 31 декабрь кунига қадар белгиланган барча кўрсаткичлар сўзсиз бажарилиши зарурлиги, акс ҳолда масъул раҳбарларга интизомий жазо чоралари кўрилиши ёки лавозимидан озод этилиши белгиланди.

Шунингдек, табиий газ қудуқларини бурғилаш ҳамда капитал таъмирлаш борасида бир қатор камчиликларга урғу берилиб, ушбу ишларни ташкил этишда зарур бўлган барча техник воситалар “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ ва “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ (Р. Қудратов) АЖга олиб берилган бўлишига қарамай, қудуқларни капитал таъмирлаш ишлари қониқарсиз экани танқид қилинди.

Йиғилишда корхона раҳбарининг объектларга чиқмасдан фаолият юритиши сабаб ишчи-ходимлар шароити эътиборсиз қолаётгани ва бу ҳаракатсизлиги шикоятларни кўпайишга олиб келаётгани, сўнгги икки йилда мураккаб таъмирлаш ишлари бўйича тадбирлар ишлаб чиқилиб, махсус техника ва механизмлар базаси яратилганига қарамай ишда камчиликларга йўл қўйиб келаётгани муҳокама қилинди ҳамда келгусида бу ҳол такрорланса ўз лавозимидан озод этилиши огоҳлантирилди.

Таъкидлаш керакки, 2021 йил якуни билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 34,1 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқариш, ўсиш суръатини 103 фоизга таъминлаш вазифаси турибди. Йиғилишда бугунги кунда кунлик табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини 97,2 млн куб метрга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Қолоқликка йўл қўйиб келаётган Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси (Р. Шеров), Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси (Х. Назиров), Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси (О.Оринбоев), Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси(Ж. Бекмуродов) раҳбарларига алоҳида вазифалар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, декабрь ойи фойдаланишга топширилиш белгиланган Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Денгизкўл” конида барпо этилаётган сиқув компрессор станциясини айни пайтда қурилиш-монтаж ишлари 71,1 фоизга, лойиҳалаштириш ишлари 93,5 фоизга бажарилгани танқид қилинди ва тегишли масъуллар билан борада муҳокамалар ўтказилиб, 2022 йилнинг 1 январь кунига қадар барча ишлар якунланиб СҚСни ишга тушириш кераклиги бўйича кўрсатма берилди.

Шунингдек, йиғилишда жорий йилнинг 11 ойи якунида қуйидаги кўрсаткичларга эришилгани ҳам таъкидлаб ўтилди:

Жумладан,

·        газ конденсати қазиб чиқариш 1,3 млн тоннани ташкил этиб, ўсиш суръати 101 %га, нефть эса 106,9 минг тонна (ўсиш суръати 106,8%га) бажарилди;

·        геологик-техник тадбирлар бўйича эса, қудуқларни ишга тушириш 103,4% (ўсиш – 160,4 %, 154 та қудуқ), қудуқларни мукаммал таъмирлаш 116,1%га (ўсиш – 115,5 %, 672 та қудуқ) бажарилди.

·        автобензин 113,3% (813,3 минг тн), дизел ёнилғиси 200,7% (380,4 минг тн), авиакеросин 91,6% (92,1 минг тн), суюлтирилган газ 100,0% (582,6 минг тн), полиэтилен 104,3%га (122,9 минг тн) бажарилди.

Бошқарув раиси яратилган етарлича шароитлар билан бундан-да, яхши кўрсатгичларга эришиш мумкинлигини таъкидлар экан, айрим раҳбарларнинг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошаётганлигига алоҳида урғу берди.

Айнан, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли бўлган “Учқир” сиқув компрессор станциясида авария ҳолатлари кўп учраётганлиги ҳамда унинг олдини олишда камчиликларга йўл қўяётганлиги мисол келтирилди. Яратилган имкониятларга қарамай, қониқарли натижа кўрсатмагани учун Бошқарма бошлиғи Хислат Назиров фаолияти танқид қилинди.

Ишда йўл қўйган камчиликлари сабаб Газли газни қайта ишлаш заводи директори Шерзод Шоимов лавозимидан озод этилди.

–  Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси (Р. Шеров)га катта ишонч билдириб, кон бошлиқлари мунтазам рағбатлантирилиб келинди, ўзим бошчилигимдаги ишчи гуруҳ билан жойига чиқиб, ўрганишларимизда аниқланган муаммоларни ҳал этиб беришимизга қарамасдан, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини кўпайиш бўйича жонбозлик кўрсатилмаяпти. Корхона раҳбарлари бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда янги конлар билан ишлаш, мавжуд қудуқлар фонди билан ишлаш, қолаверса янги технологияларни жорий этишни ташкил этишлари зарур – деди, Меҳриддин Абдуллаев.

Бошқарув раиси Устюрт ҳудудида катта ҳажмда газ оқими олиниши режалаштирилгани ва шу сабаб “Қуйи Сургил” 11-, 13-, 6- ҳамда “Шарқий Бердақ” 63-сонли қудуқларни қисқа вақт мобайнида тугатиб, ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қозоғистон Республикасига қилган давлат ташрифи давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти олдига қўйган топшириқлар ижроси юзасидан иккитомонлама ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (А. Фазилов) томонидан қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.

Ушбу йиғилишда Бошқарма ва заводлар кесимида алоҳида топшириқлар берилди.

Йиғилиш кун тартибида “GTL” лойиҳасининг ишга туширилиши ва Заводнинг тантанали очилиш маросимига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама этилиб, очилиш маросими олдидан бажарилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.

Бошқарув раиси 2021 йилнинг декабрь ойи “Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоаси учун ўзига хос синов ойи эканлигини қайд этилиб, “GTL” лойиҳасининг ишга туширилиши баробарида, “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ ташкил этилганлигининг 20 йиллик юбилейи, “Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида тамал тоши қўйиш маросими ўтказилишига ҳам алоҳида тўхталди. Бутун жамоа ушбу тадбирларни ўтказлишига масъул эканини таъкидлади.

Бу ишларни амалга ошириш учун ташкил қилинган Штаб аъзоларининг узлуксиз ишлаши бўйича топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|