November 30, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқаруви раиси Москвага ишбилармонлик ташрифи доирасида “ТМК” компанияси Бош директори Игорь Корытько билан музокаралар ўтказди

Бош саҳифа Русский

“ТМК” АЖ 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, қувур маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажми бўйича дунёнинг етакчи корхоналаридан бири ҳисобланади.

Жорий йилнинг биринчи ярмида нефть ва газ саноати қувурларини ишлаб чиқариш бўйича “ТМК” компанияси бош директори Игорь Корытько ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг учрашуви натижасида ушбу компания томонидан дунё бозоридан фарқли ўлароқ, арзон нархларда ҳар хил типдаги нефть ва газ саноати қувурларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилган эди.

Москвага ташриф доирасидаги учрашувда томонлар “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг излов-қидирув ва эксплуатацион қудуқлари учун зарур бўлган қувур маҳсулотлари етказиб бериш бўйича тузилган амалдаги шартномалар ижросининг жорий ҳолати, шунингдек, ҳамкорликни жадаллаштириш ва янги йўналишларни излаш имкониятларини муҳокама қилишди.

Учрашувда раҳбарлар икки компания ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича белгиланган мақсадларга эришиш имконини яратишда стратегик аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, янги нефть ва газ қудуқларини бурғилаш ишлари импорт асосида олиб келинадиган қувур маҳсулотларига узвий боғлиқ. Бу борада “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан импорт қувур маҳсулотлари таъминоти бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

2021 йилда бурғилаш ишларини узлуксиз олиб бориш ва шу билан бирга 2022 йил учун захира ҳажмини яратиш мақсадида “ТМК” АЖ томонидан умумий миқдорда 40 000 тоннадан ортиқ қувур махсулотлари етказиб берилган бўлиб, яна 18 000 тонна қувур маҳсулотлари жорий йилнинг сўнгига қадар етказиб берилиши режалаштирилган. Бу ўз навбатида 2022 йилда режалаштирилган бурғилаш ишлари учун қувур маҳсулотларининг етарли захираси яратиш имконини беради.

Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|