“Ўзбекнефтгаз”: Мутахассислар “Даунстрим – 2021” конференциясида иштирок этишди

Бош саҳифа Русский

Россиянинг “Vostock Capital” компанияси томонидан “Даунстрим – 2021” конференцияси онлайн тарзда ўтказилди. Ушбу анжуманда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Газни қайта ишлаш ва газ кимё департаменти вакиллари ҳам иштирок этишди.

“Vostock Capital” компанияси нефть ва газ, агросаноат ҳамда энергетика тармоқлари бўйича МДҲ, Лотин Америкаси, Европа ва Осиё давлатлари учун консалтинг ҳамда халқаро даражадаги конференцияларни ташкил этишда етакчи ўринда туради.

Очиқ мунозара остида ташкил этилган ушбу анжуманда газ кимё ва нефть кимё соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар ва уларни амалга ошириш бўйича дунёнинг номдор компаниялари ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.

Конференция доирасида асосий 30 га яқин маъруза ўрин олган бўлиб, соҳа мутахассислари иштирокида бир қатор давра суҳбатлари, семинарлар, брифинглар ташкил этилди. Тадбир иштирокчилари томонидан бизнес учун қулай шароитларни, халқаро инвесторлар учун жозибадор таклифларни яратиш, корпоратив секторда комплаенс соҳанинг жорий этилишидаги мавжуд муаммолар ва тенденциялар муҳокама қилинди ва тегишли тавсиялар берилди.

Жумладан, Германиянинг “BORSIG GmbH” ва Италиянинг “OFFICINE LUIGI RESTA” компаниялари билан видеоанжуман ўтказилди. Янги лойиҳаларни амалга оширишда чет эл компанияларининг тажрибаси ва таклифларини ўрганиш мақсадида видеоанжуман ҳам ташкил этилди.

“Афипский” нефтни қайта ишлаш заводи, “LINDE PLC”, “АВЕВА” ва “Skymec” компаниялари вакилларининг рақамли моделларни яратиш, нефть ва газ соҳасидаги инфратузилма объектларини текшириш ва мониторинг қилиш учун учувчисиз ҳаво тизимларидан фойдаланиш амалиёти каби масалаларга бағишланган маърузалари тингланди.

И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети доценти Олег Кузнецов томонидан иштирокчиларга “Декарбонизация, ҳақиқат ва истиқболлари” бўйича маълумот тақдим этилди.

Конференция доирасида иштирокчилар жорий этилган янги технологиялар, илмий ишланмалар ва истиқболли лойиҳалар бўйича янгиликлардан бохабар бўлишди. Тадбир якунида барча иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар ва таклифлар юзасидан мунозаралар ўтказишди.

Газни қайта ишлаш ва газ кимё департаменти мутахассислари ҳам муҳокамаларда фаол иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикасида, хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖда доунстрим соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|