“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида рақамли технологияларни тадбиқ этиш ва конларни рақамлаштириш йўналишида олиб борилаётган ишлар (Фото+видео)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев соҳага рақамли технологияларни тадбиқ этиш, углеводород конларини рақамлаштириш ва қазиб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.

Жумладан, Конларни ишлатиш департаменти қошида ташкил этилган углеводород конларини моделлаштириш ва маълумотлар базасини юритишни мониторинг қилиш марказининг фаолиятига доир масалаларни муҳокама қилиб, мутахассислар билан улар томонидан амалга оширилаётган ишлар борасида суҳбатлашди.

Ушбу марказ ҳозирда Республикада янгидан барпо этилган нефть ва газ конларини рақамли 3Д форматда моделлаштириш бўйича ягона марказ бўлиб, у энг замонавий компьютерлар, дастурий таъминотлар ва серверлар билан жиҳозланган.

Марказда ушбу тизим имкониятларидан оқилона фойдаланиш ҳамда олинган натижаларни ишлаб чиқаришга самарали тадбиқ этишни ташкиллаштириш мақсадида юқори даражада қулай шарт-шароитлар яратилган.

2020 йилда ушбу марказ мутахассислари томонидан 5200 дан ортиқ қудуқлар бўйича 350 мингдан ортиқ маълумотлар, 1300 км дан ортиқ 2Д ҳамда 2500 км кв ҳажмдаги 3Д сейсмик-қидирув ишларининг маълумотлари рақамлаштирилди ва ягона миллий маълумотлар электрон базасига киритилди.

Рақамлаштирилган маълумотлар асосида 100 та коннинг рақамли 3Д-геологик ҳамда 10 та коннинг 3Д-гидродинамик моделлари яратилди ва ҳозирда улар босқичма-босқич ишлаб чиқаришга тадбиқ этилмоқда.

Ушбу ишларни амалга ошириш мақсадида, PETREL, TECHLOG, ECLIPSE, INTERSECT, МЕРО, PIPESIM, IAM ва PROSOURCE каби энг замонавий дастурий таъминотларнинг имкониятларини кенг кўламда жалб этиш орқали амалга оширилмоқда.

Ушбу жараёнларда нефть ва газ қудуқларининг иш режимини тартибга солиш, бурғиланадиган янги қудуқларнинг ўрнини аниқлаш, маҳсулдор қатламлар иш самарадорлигини ошириш каби бир қатор долзарб масалалар тезкор равишда ўз ечимини топмоқда.

Бошқарув раиси, шунингдек, Устюрт ҳудудида жойлашган "Қуйи Сургил" ва "Шарқий Бердақ" конларининг янги рақамли 3Д-геологик моделларини яратиш жараёнлари ва улар асосида "Қуйи Сургил" конидаги 20 ва 21 ҳамда "Шарқий Бердақ" конидаги 96-сонли қудуқларни лойиҳалаштириш ва жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Меҳриддин Абдуллаев моделлаштириш ишларини конлардаги мавжуд барча геологик маълумотлар, шу жумладан, 3Д сейсмик маълумотлар, бурғилаш ва геофизик таҳлиллар натижалари асосида яратиш лозимлигини ва шу билан биргаликда углеводород қазиб чиқаришни кўпайтиришга борасидаги янги таклифлар ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Ўрганишлар якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси соҳа мутахассисларига бу борада бошланган ишларни жадаллаштириш мақсадида, жорий йилда 5 та коннинг 3Д-геологик, 24 та коннинг 3Д-гидродинамик ва 19 та коннинг янги 3Д-тармоқ моделларини яратиш борасида зарур кўрсатмаларни берди.

Белгиланган рақамлаштириш ишларининг самарали амалга оширилиши Республика аҳолиси ва иқтисодиёти тармоқларининг ёқилғи-энергетика ресурсларига нисбатан тобора ошиб бораётган талабини қондириш мақсадида, углеводород қазиб чиқариш ҳажмларини оширишга катта ҳисса қўшиши алоҳида таъкидланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан соҳани рақамлаштириш ва бу орқали углеводород хомашёсини қазиб чиқаришни қўпайтириш йўналишларида амалий ишлар давом эттирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|