“Ўзбекнефтгаз”: “Дояхотин” конидан 1,415 млрд.куб метр табиий газ ва 12,3 минг тонна газ конденсати қазиб олинади

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш учун конлар ва қудуқларда ишлаётган ишчи-ходимлар вахта режимида фаолият юритишмоқда.

Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ҳудудида жойлашган “Дояхотин” конида иш вахта режими, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда давом эттирилмоқда.

Ҳозирда кондаги қудуқлар сони 62 тадан иборат бўлиб, шундан ишлатилаётган қудуқлар сони 50 тани, мукаммал таьмирлашдагилари эса 2 тани, бурғулаш ишлари бажарилаётганлари ҳам 2 тани ташкил қилади.

Ушбу кондан 2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги даврида 664 млн. куб метр табиий газ ва 6,4 минг тонна газ конденсати қазиб олинди. 1 та қудуқ бурғуланиб ишга топширилди, қўшимча 3,0 млн. куб метр табиий газ ва 0,042 минг тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилди.

Табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш учун 3 та қудуқ мукаммал таьмирланиб ишга топширилди, қўшимча 8,1 млн. куб метр табиий газ ва 0,269 минг тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилди.

“Дояхотин” конидаги қудуқлардан қазиб олинган табиий газ, мавжуд 4 дона газни йиғиш жойларида йиғилиб, узунлиги 50 км 426 мм бўлган газ қувури орқали “Учқир” Газни олтингугуртдан тозалаш комплексига етказиб берилади.

2020 йилда “Дояхотин” конидан 1,415 млрд. куб метр табиий газ ва 12,3 минг тонна газ конденсати қазиб олишни режалаштириш баробарида, яна 6 та қудуқ бурғуланиб ишга топширилиши кутилмоқда. Бу қудуқлардан эса қўшимча 38,3 млн. куб метр табиий газ ва 0,96 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилади.

Шунингдек, 5 та қудуқда мукаммал таьмирлаш ишлари олиб борилади ва улардан қўшимча 12 млн. куб метр табиий газ ва 0,25 минг тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилади.

Бундан ташқари, “Дояхотин” конидаги табиий газ ҳажмларини ошириш ҳамда Газни олтингугуртдан тозалаш қурилмаларигача белгиланган босимларда барқарор етказиб берилишини таъминлаш мақсадида, Газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси ва сиқув компрессор станцияси қурилиши юзасидан технологик жараёнлар ўрганилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|