“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Бухородаги “Дояхотин” конидаги қудуқларнинг самарадорлик ҳолатини ўрганди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари Бухоро вилояти ҳудудида жойлашган Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги табиий газ қазиб чиқариш ҳолатини ўрганди.

Бошқарув раиси ўринбосарлари, тегишли департамент ва пудратчи ташкилот раҳбарларидан иборат “Ишчи гуруҳ” Газлидаги “Дояхотин” конида бўлиб, бу ерда табиий газ қазиб чиқарилиши йўлида ҳозирда бажарилаётган ишлар билан танишди.

Аввало, бу ердаги ишчи-ходимлар учун яратиб берилган шароит ва уларнинг озиқ-овқатлар билан таъминланганлик ҳолати жойида ўрганилди.

Ҳаво ҳароратининг кескин совуши натижасида ишчиларнинг ишлаш ва яшашлари учун яратилган қулайлик ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилаётганлиги танқидий кўриб чиқилди.

Бошқарув раиси Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари Алишер Эгамовга ҳолат бўйича аниқланган камчиликларни қисқа фурсатда бартараф этиш кераклиги бўйича топшириқ берди.

Шундан сўнг, “Дояхотин” конидаги қудуқларда газ қазиб чиқаришни кўпайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб чиқилди.

Углеводородлар қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган геологик-техник чора-тадбирларнинг бажарилиши муҳокама қилинди. “Дояхотин” конида табиий газ қазиб олиш учун қудуқлар фонди 53 тани ташкил этиб, бугунги кунда кондан бир кунда 5,6 млн куб метр табиий газ қазиб олинмоқда. Бошқарув раиси самарадорликни бундан ҳам яхшилаш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу кондан қазиб олинган табиий газ хажмлари жами 50 км, д-426 мм ҳамда 45,7 км, д-325 мм бўлган газ қувурлари орқали “Кулбешкак” газни дастлабки тайёрлаш қурилмаларида суюқликлардан тозаланиб, “Газли” газни қайта ишлаш заводига олтингугурт бирикмаларидан тозалаш ва келгусида “Ўзтрансгаз” АЖ магистраль газ қувурларига етказиб берилмоқда.

Конда 2020 йилда амалга оширилган геологик-техник тадбирлар ва келгуси йилда режалаштирилган чора-тадбирлар, шунингдек, табиий газ қазиб чиқариш прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши юзасидан жойида яқиндан ўрганиш ишлари олиб борилди.

“Дояхотин” конида қудуқлардан қазиб олинаётган табиий газни йиғиш, “Кулбешкак” Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасигача узатиш тизимида гидравлик қаршиликларни камайтириш ва қувурларнинг газ ўтказувчанлигини ошириш мақсадида олиб борилган қўшимча 9,4 км узунликдаги, диаметри 426 мм ли газ қувурларининг қурилиш-монтаж ишлари қандай бажарилганлиги ўрганиб чиқилди.

Бундан ташқари, “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз маблағлари ҳисобидан бурғилашдан тугатилган 84-сонли қудуқда бўлиб, қудуқ ишчи кўрсаткичлари ва бурғилаш тезлиги, муаммоли масалалар юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Бурғилаш ишлари олиб борилаётган бригададаги ва конда хизмат кўрсатаётган ишчи ходимлар билан яқиндан суҳбатлашиб, уларнинг ишлаш шароити, ишлаб чиқаришдаги муаммоли масалалари ва уларнинг ечими, янги таклифлар юзасидан музокаралар олиб борилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|