“Ўзбекнефтгаз”: Дунё олимлари газ-кимё саноатига яшил технологияларни жорий этиш масаласини муҳокама қилишди (Фото)

Бош саҳифа Русский

2021 йил 20–21 март кунлари Россиянинг Москва шаҳрида “Россия ва МДҲ давлатларида табиий газ монетизацияси” конференцияси бўлиб ўтди. Унда Россия ва МДҲ давлатлари билан бир қаторда дунёнинг газ-кимё соҳасининг илғор компания мутахассислари, жумладин, “Ўзбекнефтгаз” Газни қайта ишлаш ва газ-кимё департаментининг мутахассислари ҳам иштирок этишди.

Анжуманда “Минтақавий газ бозорининг таҳлили ва истиқболлари”, “Газни монетизация қилиш лойиҳалари тенденциялари” “Метанол: кичик ва йирик лойиҳалар” ва “Россия ва МДҲ давлатларида яшил водород истиқболлари” каби мавзулардаги маърузалар тингланди.

Шунингдек, газ-кимё соҳасининг ҳозирги кундаги ҳолати ва амалга оширилиши кутилаётган истиқболли лойиҳалар бўйича маърузалар муҳокама қилинди ва янги лойиҳалар бўйича фикрлар алмашилди.

Муҳокамаларда асосий эътибор ишлаб чиқариш саноатида декарбонизация йўналишини тадбиқ этишга, яъни экологик хавфсиз яшил технологияларни ривожлантиришга қаратилди. Янги инновацион технологияларни жорий этиш орқали дунё миқёсида атмосферага чиқадиган СО2 газини камайтириш ва ундан юқори қийматдаги кимё саноати маҳсулотларини олиш бўйича “Haldor Topsoe”, “Honeywell UOP”, “Linde”, “Saipem”, “MAIRE TECNIMONT” компаниялари таклифлари конференция иштирокчилари томонидан таҳлил қилинди.

Ҳозирда амалга жорий этилган инновацион ишланмаларнинг эришган ижобий натижалари эътироф этилиб, келажакда бундай амалиётлар дунё миқёсида кенг қамровли бўлиши ва яшил технологияларни жорий этиш босқичма босқич 2050 гача амалга оширилиши прогноз қилинди.

Аналитик таҳлиллар табиий газни монетизация қилиш бўйича янги технологияларни оммалашиб бораётгани таъкидланиб, синтез газлар асосида юқори қўшилган қийматли нефть ва газ-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияларининг саноатдаги улуши кундан кун ошиб бораётгани айтиб ўтилди ва амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар қувватлари ҳамда имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.

Маълумот учун: Декарбонизация –саноатда углерод кам сақлайдиган энерго ресурслардан фойдаланган ҳолда атмосферага ис гази (СО2) чиқишини камайтириш.

Маърузалар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб олишди ва керакли маълумотларга эга бўлишди.

Бу соҳада олиб борилаётан ўзгаришлар салмоқли эканлигини ҳисобга олиб яқин келажакда йирик инвестицион маблағлар йўналтириладиган саноат соҳаси бўлишига умид билдирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|