January 6

“Ўзбекнефтгаз”: Бухорода бошланғич эркин дебити 200 минг куб метрни ташкил этадиган табиий газ оқими олинди (Видео)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қашқадарё вилояти ҳудудида углеводород хомашё захираларини кўпайтириш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида олиб борилаётган геология-қидирув ишлари натижасида “Раззоқбобо” газ конденсат конидаги навбатдаги қудуқдан газ оқими олинди.

“Раззоқбобо” майдони Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳудудига тўғри келади. Ушбу майдон Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига геология-қидирув ишларини олиб бориш учун берилган.

Мазкур конда геология-қидирув ишларини давом эттириш мақсадида 2021 йилнинг 11 август куни 2-сонли излов қудуғи бурғилашга киритилди ва қудуқ 2900 метр лойиҳавий чуқурликгача бурғиланди.

Геологларимизнинг самарали меҳнатлари эвазига 2022 йил ҳам муваффақиятли бошланди. 4 январь куни “Раззоқбобо” конидаги 2-сонли қудуқни 2850-2756 метр оралиғини фильтр орқали синаш натижасида терриген юра даври ётқизиқларининг маҳсулдор қатламидан саноат миқёсидаги табиий газ оқими олишга эришилди. Қудуқнинг бошланғич эркин дебити 200 минг куб метрни ташкил этмоқда.

Ҳозирги вақтда ушбу қудуқда маҳсулдор қатламнинг босими, ҳарорати ва кон-геологик параметрларини аниқлаш ҳамда унинг саноат миқёсида ишлаб чиқариш қувватларини баҳолаш мақсадида, геологик-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

“Раззоқбобо” конида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 2022 йилга мўлжалланган углеводород хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта ҳосил қилиш дастури доирасида навбатдаги 3-, 4-сонли излов-қидирув қудуқларини бурғилаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

“Раззоқбобо” тузилмаси “Ўзбекгеофизика” АЖ томонидан 2020 йилда 2Д сейсмоқидирув ишлари натижасида чуқур бурғилашга тайёрлаган бўлиб, 2021 йилда 1-сонли излов қудуғидан саноат миқёсидаги табиий газ оқими олиниши натижасида “Раззоқбобо” кони очилган.

Маълумот учун: Раззоқбобо майдонининг ўлчами 14,5 кв.км., С3 тоифали истиқболли табиий газ ресурси – 2776,3 млн куб метр, конденсат ресурси – 212,2 минг тонна ва нефть ресурси – 493 минг тоннани ташкил этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|