“Ўзбекнефтгаз”: Энергетика вазири бошчилигида “GTL” заводидаги қурилиш-монтаж ишлари ҳолати ўрганилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Энергетика вазири Алишер Султонов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Қашқадарё вилоятидаги “GTL” заводининг қурилиш майдонида бўлиб, карантин қоидаларига риоя этилаётганлик ва амалга оширилаётган сўнгги босқич қурилиш-монтаж ишлари ҳолатини ўрганди.

Коронавирус пандемияси туфайли, заводнинг қурилиш майдонидаги ишчи-ходимлар учун лойиҳа ҳудудида 1400 ўринга мўлжалланган махсус карантин зонаси ва 400 ўринли госпитал ташкил этилди.

Шу жумладан, 5 та тез ёрдам машинаси ва 30 дан зиёд тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги ташкил этилган бўлиб, коронавирус тестлари учун ускуналар, пульсоксиметр, оксигенератор ва бошқа зарур бўлган тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган махсус лаборатория ва дори-дармонларнинг захираси яратилди.

Энергетика вазири ташриф давомида ишчи-ходимлар учун яратилган ишлаш ва яшаш шароитларини тўлиқ ўрганди ва “Uzbekistan GTL” МЧЖ ва “Шўртан газ кимё мазмуаси” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилган қўшимча махсус лаборатория билан ҳам танишди.

ПЗР тестларни бажариш учун харид қилинган ускуна ва дори-дармон захираси бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

“Uzbekistan GTL” раҳбари томонидан қурилиш майдонида санитария-эпидемиология ҳолати яхшилангунига қадар ишчилар сони камайтирилганлиги, шу жумладан, лойиҳага жалб этилган ишчи-ходимларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитлари яратилганлиги ҳамда ўз вақтида иш ҳақлари тўлаб берилаётганлиги борасида ахборот берилди.

Таъкидлаш керакки, минтақадаги энг инновацион ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлиши кутилаётган ушбу заводда карантин ва хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда иш бир неча сменада ташкил қилинган бўлиб, қурилиш ишлари шу йилнинг охирида якунланиши режалаштирилган.

Ташриф давомида Энергетика вазири раҳбарлигида сайёр йиғилиш ўтказилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг лойиҳа бажарилишини таъминлаш юзасидан топшириқлар ижроси ҳолати ўрганиб чиқилди, қурилишни якунлаш бўйича муаммоли масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, “GTL” заводини ишга тушириш ва созлаш ишларининг сифатли бажарилишини таъминлаш, шу ишларни бажарадиган ва заводнинг кейинчалик эксплуатациясини амалга оширадиган мутахассислар билим савияси, кўникма ва малакаларини доимий равишда ошириб борилиши зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Йиғилишда Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Uzbekistan GTL” МЧЖ, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ, “Eriel Group” МЧЖларнинг раҳбарлари ҳамда бош пудратчи – “Hyundai Engineering Ltd.” ва “Enter Engineering Pte. Ltd.” консорциуми, лойиҳанинг бошқаруви бўйича маслаҳатчиси – TechnipFMС компаниясининг дирекция раҳбарлари, шунингдек, масъул мутахассислар иштирок этдилар.

“Шўртан газ кимё мажмуаси”нинг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаси доирасида пудратчилар томонидан лойиҳа амалга оширилишининг умумий кўрсаткичи 90 фоизга бажарилгани маълум қилинди.

Қурилиш майдонига 93 фоиз асосий технологик ускуна ва қурилмалар етказилгани, шундан, 73 фоизи (ёки 34,1 минг тоннага тенг) заводнинг технологик ҳудудига ўрнатилгани таъкидланди.

Ҳозирги вақтда айрим хорижлик мутахассисларни ватанларига юбориш ишлари олиб бориляпти. Шунингдек, қурилиш-монтаж ишларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий ва хорижлик янги мутахассисларни жалб қилиш режаси ишлаб чиқилмоқда.

Узоқ вақтдан буён завод қурилишида ишлаётган ҳиндистонлик, вьетнамлик ва хитойлик ишчиларни малакали мутахассислар билан ўрин алмаштириш ҳамда уларни чартер рейслар билан уйларига қайтариш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳа менеджерларига ишчилар билан ҳар куни тарбиявий-тушунтириш, мотивацион суҳбатлар уюштириш, руҳий қўллаб-қувватловга оид ишларни ташкил қилиш таъкидланди.

Таъкидлаш керакки, тўлиқ лойиҳалаш қувватига эришгач, заводда йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|