“Ўзбекнефтгаз”: Электр энергияси сарфини аниқ юритиш учун автоматлаштирилган тизим такомиллаштирилмоқда (Фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 22 августдаги ПҚ–4422-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини янада ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Ушбу “Йўл харитаси” биноан: “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан тизимдаги бошқарма ва корхоналарда истеъмол қилинаётган электр энергия сарфини аниқ юритиш мақсадида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУЭ) жорий қилиш вазифаси белгиланди.

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш (АСКУЭ) ва мавжуд тизимни модернизация қилиш борасида ўтган даврда кенг кўламли ишлар бажарилди.

Хусусан, Жамият тасарруфидаги “Шўртан”, “Муборак”, “Устюрт” нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, “Муборак” газни қайта ишлаш заводида, электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва таҳлил килиш мақсадида назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) жорий килинди.

Автоматик ўлчаш тизимлари маълумотни нотўғри тўплаш, қўл меҳнати, инсон омилининг хатоларидан халос бўлишига хизмат қилади. Энг муҳими, тармоқдаги барча электр ҳисоблагичлар аниқ, тез ва бир вақтнинг ўзида маълумотларни тўплайди.

Шунингдек, АСКУЭ тизими электр энергияси истеъмолчиларига, истеъмол тўғрисида тезкор маълумотларни олиш, аниқ балансларни шакллантириш ва йўқотишларни самарали камайтириш имконини беради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|