“Ўзбекнефтгаз”: Энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи манбаларни тадбиқ этиш натижасида энергия ва газ сарфини камайтиришга эришилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4422-сонли Қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз”АЖ Бошқаруви раиси томонидан 2020 йилда корхона ва бошқармаларда электр энергияси сарфини камайтиришга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Тизимдаги корхона ва бошқармалардаги электр қурилмалари ва тармоқларини ўз вақтида таъмирлаш, уларда синов-текширув ишларини бажариш, қайта тикланувчи манбалар ва тежамкор ускуналарни жорий этиш тизимдаги электр таъминотининг ишончлилигини оширади ва иқтисодий самарадорликка эришишни таъминлайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги барча корхона ва бошқармаларнинг умумий йиллик электр энергия истеъмоли ўртача 1,2 млрд кВт/соатни ташкил этади. Шундан жорий йилда 24,6 млн кВт/соат электр энергиясини иқтисод қилиш кўзда тутилган.

Ушбу мақсадга эришиш учун мутахассислар томонидан ишлаб чиқариш объектларини узлуксиз ва беталафот электр энергияси билан таъминлаш, эксплуатация қилиш ва электр энергиясини иқтисод қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жамият Бошқаруви раиси томонидан тасдиқланган режага мувофиқ, жорий йилнинг январь–август ойларида тизимдаги барча корхона ва бошқармаларда 6912 та электр таъминоти ускунаси жорий таъмирланди, 41 таси тўлиқ, 70 таси эса қисман техник кўрикдан ўтказилди. 228 та электр двигатель тўла таъмирланиб, қайта ишга туширилди.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида январь–август ойларида 16,587 млн кВт/соат электр энергияси, 13,227 млн куб метр ёқилғи гази тежалди. Режадаги кўрсаткичлар 100,9 фоизга бажарилди. Бунинг самараси ўлароқ 9,818 млрд сўм иқтисод қилишга эришилди.

Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш мақсадида 20 та гелиоколлектор, 2 та қуёш фото электр станцияси ва 150 та қуёш фото электрик ёритгичлари ўрнатилди. Бунинг натижасида 491,9 тонна шартли ёқилғи энергия ресурслари тежаб қолинишига эришилди ва 530,948 млн сўм миқдоридаги маблағ иқтисод қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|