“Ўзбекнефтгаз”: Ишлаб чиқаришнинг 7 ойлик якунлари ва пандемия даврида иш ташкил этиш бўйича кенгайтирилган кенгаш йиғилиши ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Давлат Раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан 2020 йилнинг 12 августида кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдига жорий йил асосий кўрсаткичларини тўлиқ бажариш бўйича катта вазифалар белгилаб берилди.

Шундан келиб чиқиб, Бошқарув раиси бошчилигида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатилаётгани сабабли тармоқнинг барқарор ишлашини таъминлаш, 7 ойлик прогноз кўрсаткичларининг натижалари, 9 ой ва йил учун белгиланган устувор вазифалар ва бошқа масалаларга оид кенгайтирилган кенгаш йиғилиши ўтказилди.

Бошқарув раиси йиғилиш аввалида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга тўхталиб, қурилиш-монтаж ишлари давом этаётган майдонларда инфекция тарқалишини олдини олиш, конлар, қудуқларда вахта режимидаги ишларни узлуксизлигини таъминлаш ва темир интизом билан ишлар ташкил этилишини таъкидлади.

Шунингдек, карантин талаблари юмшатилаётган бўлса-да, табиий газ ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш корхоналарида, нефть базаларида ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция ва бошқа санитария-гигиена талабларига сўзсиз амал қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Шундан сўнг, Бошқарув раиси томонидан кун тартибидаги асосий масалаларга ўтиб, табиий газ қазиб чиқариш, қудуқларни ишга тушириш, суюлтирилган газни ишлаб чиқариш, маҳсулотлар экспорти бўйича 7 ойлик режа кўрсаткичлари бажарилмаганини танқид қилинди.

Маҳсулотлар экспорти бўйича ҳам белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилмагани, жумладан, “Ўз-кор газ кемикал” корхонаси 85,3 млн доллар, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси 3,9 млн доллар, “Муборак” газни қайта ишлаш заводи 2,7 млн доллар ҳажмда қолоқликка йўл қўйгани айтилди.

Шу сабабли, Бошқарув раиси Тижорат департаментига пандемия даврида экспортни қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва экспортда йўл қўйилган қолоқликни бартараф этиб, жорий йил якунига қадар 252 млн долларлик экспортини таъминлаш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Кенгайтирилган кенгаш йиғилишида шу борадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Энг аввало, бу камчиликларни бартараф этиш учун соҳадаги раҳбар ходимларнинг иш услубини ўзгартириши, янги ғоя, янги лойиҳалар қўллаш бўйича ишларни амалга ошириши, меҳнат унумдорлигига эришиш, кластер ва чуқур қайта ишлашни бошлаш лозимлиги айтилди.

Аввало, коррупцияга йўл қўймаслик, ишчи-ходимларнинг ойлик маошларини ўз вақтида бериш, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда фаоллик кўрсатган фидойи ходимларни рағбатлантириш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш зарурлиги белгилаб берилди.

Йиғилишда йил охиригача 134 та қудуқларни ишга тушириш ва 549 та қудуқни таъмирлаш, табиий газ захираларини – 20 млрд куб метрга ва газ конденсати захираларини – 620 минг тоннага етказиш ва йиғилиш давомида қўшимча яна 10 та қудуқни ишга тушириш топшириғи берилди.

Бошқарув раиси нефть базаларининг раҳбарлари фаолиятига алоҳида тўхталди ва ишни тўғри ташкил қилмагани, корхонанинг иқтисодий аҳволини яхшилаш бўйича ишларни бажармагани учун Андижон ҳамда Урганч нефть базалари раҳбарларига хайфсан эълон қилинди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар ва белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Бошқарув раисининг ўринбосарлари, Бошқарма, завод ва нефть базалари раҳбарларининг ахбороти тингланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|