April 6

“Ўзбекнефтгаз”: “Шўртан” конида газ қувури монтаж қилиш ишлари бажарилмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан конларда табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш мақсадида соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Шўртан” конига қарашли 20-, 24-сонли газ йиғиш пунктларидаги Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасидан “Шўртан” кони Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасининг 2-навбатигача бўлган диаметри 273 мм бўлган 3,5 км узунликдаги газ қувурларидан узоқ йиллардан бўён фойдаланиб келинаётганлиги сабабли қувурнинг баъзи қисмлари коррозияга учраган эди. Шу сабаб айни пайтда диаметри 273х10мм бўлган 2 км узунликдаги газ қувурини монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу газ қувурини ишга туширилиши натижасида кондаги 20 та қудуқдан қазиб олинган табиий газни хавфсиз ҳамда йўқотишларсиз Газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси орқали “Шўртан” бош иншоотига қайта ишлаш учун етказиб бериш имконияти яратилади ҳамда кондаги табиий газ қазиб чиқариш ҳажми камайишининг олди олинади.

Лойиҳага асосан газ қувури қурилиши учун зарур бўлган қувурлар, Россиянинг “ТМК” компанияси билан яқиндан олиб борилаётган хамкорлик натижасида етказиб берилиши таъминланди.

Эслатиб ўтамиз 2021 йилнинг биринчи ярмида нефть ва газ саноати қувурларини ишлаб чиқарувчи “ТМК” компанияси бош директори Игорь Корытько ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг учрашуви натижасида ушбу компания томонидан дунё бозоридан фарқли ўлароқ, арзон нархларда ҳар хил турдаги қувурларни етказиб бериш бўйича келишувга эришилган эди.

Қурилиш-монтаж ишлари бошқарманинг Капитал таъмирлаш цехи томонидан амалга оширилмоқда.

Маълумот учун: Шўртан кони Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани худудида жойлашган бўлиб, 1980 йилда ишга туширилган.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|