“Ўзбекнефтгаз”: Ишчи гуруҳ “Жиззах нефт база” МЧЖ фаолиятини ва у ердаги ҳозирги ҳолатни ўрганди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, тизимдаги нефт базалар фаолиятини ўрганиш мақсадида “Ишчи гуруҳ” тузилди.

“Ишчи гуруҳ” нефт базаларда карантин қоидаларига амалда қандай риоя қилинаётгани, ободонлаштириш, ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича нима ишлар қилингани, автоматлаштириш жараёни қандай бажарилаётгани ҳолатини ўрганди.

Ҳозирда 811 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қиладиган “Жиззах нефт база” МЧЖда ишчи-ходимларга кунлик тиббий ниқоблар тарқатилаётгани, маъмурий ва маиший бинолар, транспорт воситалари тўлиқ дизенфекция қилинаётгани аниқланди.

Нефт базадаги сув насоси (Мотор LEO), автокран, эксковатор, бензин сақлаш воситаларининг иш яроқлилиги ўрганиб чиқилди. Ҳаво ҳароратининг исиб кетиши натижасида бензин сарфининг ортиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда, йўқотишни камайтиришга эришиш кераклиги таъкидланди.

Бундан ташқари ёнғин хавфсизлигига эътибор бериб, бу борада барча зарур чоралар кўриш кераклиги бўйича вазифалар белгилаб олинди.

“Ишчи гуруҳ” ушбу нефт базадаги умумий аҳволни қониқарли деб топди, бироқ камчиликлар аниқлангани ҳам қайд этилди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасида тегишли вазифа ва топшириқлар берилди.

Таъкидлаш керакки, корхонанинг самарали фаолият юритиши, айни мавсум даврида, қишлоқ хўжалиги техникаларини ёнилғи маҳсулотлари билан таъминлашда узилиш бўлмаслиги бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг топшириғи айтиб ўтилди ва бу борада тушунтириш ишлари олиб борилди.

Эслатиб ўтамиз, “Жиззах нефт база” МЧЖ ишчи-ходимларнинг барчаси коронавирус учун тест топширди ва бирор ишчи-ходимда касаллик аниқланмади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|