“Ўзбекнефтгаз” жамоаси футбол бўйича “Бош вазир кубоги–2020” мусобақасидаги иккинчи учрашувда ҳам ғалаба қозонди (Фото+видео)

Бугун, 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида ўтказилаётган “Бош вазир кубоги–2020” мусобақаларининг навбатдаги тур учрашувлари бўлиб ўтди.

Ушбу тур доирасидаги ўйинларда “Ватанпарвар” жамоасини 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратган “Ўзбекнефтгаз” жамоаси ҳамда Олимпия қўмитаси жамоаси устидан 7:0 ҳисобида ғалаба қозонган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги жамоаси ўзаро куч синашди.

Кучли рақибга қарши кечган учрашувда “Ўзбекнефтгаз” жамоаси ҳужумкор услубда ҳаракат қилди ва бу учрашувнинг 3-дақиқасидаёқ ўз самарасини берди. Ҳозирча турнирнинг энг яхши тўпурари бўлиб турган Суннат Абдуназаров ўйиндаги ҳисобни очди. Ҳисоб 1:0.

Шундан сўнг, рақиб жамоа ҳам ҳужумкор ўйин намойиш эта бошлади. “Ўзбекнефтгаз” жамоаси футболчилари рақиб жамоа вакилларининг ҳужумини бартараф этиб, тезкор қарши ҳужум қўллади. Ўйиннинг 17-дақиқасида жамоа сардори Ренат Жумаев жамоадоши Уйғун Худойбердиевга тўп узатиб, уни яхши позицияга чиқарди.

Уйғун Худойбердиев эса ушбу имкониятдан аъло даражада фойдаланди ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги жамоаси дарвозасини ишғол қилди. Ҳисоб 2:0.

1-таймнинг қолган дақиқалари тенг курашлар остида кечди ва дарвозаларга бошқа тўп киритилмади.

2-таймни кўтаринки руҳда бошлаган ҳар иккала жамоа ҳам ҳисобда ўзгариш қилиш ҳаракатида бўлди.

“Ўзбекнефтгаз” жамоаси аъзолари шу ҳисобни ушлаб қолиш эмас, балки уни йирик кўринишга олиб келиш мақсадида такрор ва такрор ҳужумларни уюштиришди.

“Катта саҳна”га яна ўша Суннат Абдуназаров чиқди ҳамда ажойиб зарба билан рақиб жамоасини доғда қолдирди. 2-бўлимнинг 9-дақиқасида жамоадошлари томонидан етказиб берилган “пас”ни ўзига хос услуб билан дарвозага жойлаб қўйди ҳамда дублга эришди. Ҳисоб 3:0.

Шу тарзда “Ўзбекнефтгаз” жамоаси кучли рақибни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва кейинги босқич йўлланмасини нақд қилди.

“Ўзбекнефтгаз” жамоаси

Жамоа раҳбари:
Меҳриддин Абдуллаев

Жамоа мураббийлари:
Ғулом Ҳалимтоев, Ғайрат Юлдашев, Анвар Авезов

Жамоа аъзолари:
Камолиддин Усмонов (дарвозабон), Ренат Жумаев (ҳимоячи), Жавоҳирбек Анваров (ҳимоячи), Айдос Боранбаев (ҳимоячи), Жасур Шайхов (ярим ҳимоячи), Отабек Ҳасанов (ярим ҳимоячи), Уйғун Худойбердиев (ярим ҳимоячи), Беҳзод Зулфиқаров (ярим ҳимоячи), Музаффар Мелибоев (дарвозабон), Отабек Ғозиев (ҳимоячи), Жавлон Азимов (ҳимоячи), Фарҳод Шавдиллаев (ҳужумчи), Суннат Абдуназаров (ҳужумчи), Шерзод Нарзуллаев (ҳимоячи), Элёр Фармонов (ярим ҳимоячи)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|