January 26, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: “Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” инвестицион лойиҳаси жадал суръатларда амалга оширилмоқда

Бош саҳифа Русский

2021 йилнинг 25 декабрь куни давлатимиз раҳбари иштирокида “GTL” заводининг ишга туширилиши ва “Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш” инвестиция лойиҳаси доирасида қурилиш ишларини бошлаш учун тамал тоши қўйиш маросимлари бўлиб ўтган эди.

Ҳозирги кунда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги “Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” инвестицион лойиҳаси жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари “ЎзЛИТинефтгаз” АЖ ихтисослашган институти томонидан ишлаб чиқилган. Унга кўра лойиҳанинг тахминий қиймати
1,85 млрд АҚШ долларни ташкил этади. Лойиҳа доирасида “GTL” заводида ишлаб чиқариладиган 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш орқали, йилига юқори ликвидли ҳисобланган бимодал полиэтиленни 280 минг тоннагача ва полипропиленни 100 минг тоннагача ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Янги завод юқори зичликдаги полиэтилен ва полипропиленни пуфлаб ва қуйма шакллантириш, қувурлар, пленка ва толалар ишлаб чиқариш ҳамда экструзия жараёнларига мўлжалланган.

Лойиҳани молиялаштириш мақсадида Россиянинг “Газпромбанк” АЖдан 300 млн АҚШ доллар кредит жалб қилинган. Бундан ташқари, халқаро молиявий институтлар, кредит агентликлари ва тижорат банкларининг давлат кафолатисиз маблағларини жалб қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2021 йил 29-30 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасида “Deutsche Bank”, “LBBW” ва “Helaba” банклари молиявий ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шу билан бирга, ноябрь-декабрь ойларида Германиянинг “Euler Hermes”, Голландиянинг “Atradius” ҳамда ва Италия “SACE” экспорт-кредит агентликларига Лойиҳа тақдимоти амалга оширилди.

Бундан ташқари, Хитойнинг “SINOSURE”, Саудия Арабистонининг “ICIEC” ва Россиянинг “ЭКСАР” экспорт-кредит агентликларини ҳам молиялаштириш жалб қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Батафсил лойиҳалаштириш ишларига Жанубий Кореянинг “Hyundai Engineering” ва “GS Engineering & Construction” компаниялари жалб қилинган бўлиб, уларнинг юқори малакали ва катта тажрибага эга бўлган муҳандислари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Шўртан газ-кимё мажмуасининг етакчи мутахассислари билан биргаликда лойиҳалаштириш ишларини амалга оширишмоқда.

Бугунги кунга қадар ЕРС-пудратчи томонидан лойиҳага жами
387 юқори малакали мутахассис жалб қилинган. Батафсил лойиҳалаштириш ишлари 52,2 фоизга якунланди.

Лойиҳалаштириш бўйича 30 фоизлик 3D (уч ўлчамли) Модел ишлаб чиқилиб тасдиқланди ҳамда 60 фоизлик 3D Модел ишлаб чиқиш жараёни давом этмоқда ва булар ўз навбатида 90 фоизлик якуний 3D Модел яратилишининг асосини ташкил этади.

Ҳозирги кунга келиб асосий ускуналарни етказиб берувчиларни олдиндан саралаш жараёни давом этмоқда. Умумий 374 тадан 142 та асосий технологик ускунани ишлаб чиқаришга буюртма берилди.

Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилишининг асосий омилларидан бири бу профессионал кадрларни тайёрлашдир. Хозирги кунда Шўртан газ кимё мажмуаси ҳудудида кадрларни тайёрлаш маркази ташкил этилган бўлиб, ишлаб чиқариш цехлар ва объектларда саралаб олинган ёш мутахассислар, шу жумладан нефть ва газ соҳасидаги олий ўқув юртларининг энг яхши битирувчилари амалий ва назарий машғулотларни ўташмоқда.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда полиэтилен ҳамда полипропилен ишлаб чиқариш ҳажмлари кўпайтирилиб, юртимизда сифатли ва экспортбоб товарлар ишлаб чиқариш учун замин яратилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|