“Ўзбекнефтгаз”: Украиналик ҳамкорлар билан Ўзбекистонга импорт қилинадиган ускуна ва эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 майдаги ПҚ–4302-сонли “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан давлатлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш борасида хорижий корхоналар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Шу мақсадда жорий йилнинг 27-29 сентябр кунлари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, “Ўзнефтгазбурғилаш ишлари” МЧЖ ва “Ўзнефтгаз қудуқ таъмирлаш” АЖ корхоналирида Украинанинг “Внешэнергокомплект” корхонаси вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.

Учрашувлар давомида украиналик мутахассислар импорт қилинган механик қисмлар ва ускуналарнинг тескари муҳандислик ва аналоглари ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликка катта қизиқиш билдиришди.

Шунингдек,учрашувлар давомида корхоналарда қўлланиладиган асбоб-ускуналар ва уларни таъмирлаш эҳтиёжи, ускуналарга таъсир этувчи ва уни носоз ҳолга келтирувчи омиллар ҳақида батафсил маълумотлар олинди.

Учрашув якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “ВЭНКОМ” МЧЖ ўртасида 2022 йилда режалаштирилаётган капитал таъмирлаш ишлари давомида, украиналик мутахассислар томонидан ускуналарда тескари муҳандислик амалиётини қўллаш имкониятларини ўрганишга келишиб олинди.

Бунинг учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ тармоқ корхоналари томонидан тескари муҳандислик учун ускуналар тафсилоти рўйхати тузилиб, маълумотлар Украинага юборилади.

“ВЭНКОМ” МЧЖ томонидан тақдим этилган техник топшириқлар, хусусиятлар ва эскизларга кўра, маҳаллий корхоналарнинг имкониятлари ўрганилиб чиқилиб, Ўзбекистон ҳудудида импорт қилинадиган ускуналар ва эҳтиёт қисмлар ҳамда уларни аналогларининг тескари муҳандислик амалиёти ва ишлаб чиқариши ташкил этилади.

Маълумот учун: Украинанинг “Внешэнергокомплект” масъулияти чекланган жамият 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, хизмат кўрсатиш соҳасида инжиниринг, насос ва компрессор ускуналарини қайта лойиҳалаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхонадир.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|