“Газли” газни қайта ишлаш заводи нима мақсадда ташкил этилган ва у қачон фойда беришни бошлайди?

30 ноябрь куни АОКА пресс-холида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарлари иштирокида табиий газни қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган тадбирлар, табиий ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳамда уларни иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига етказиб бериш кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш ҳолатига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда журналистлар томонидан тизимга оид қатор саволлар берилди.

Хусусан, “O‘zbekiston 24” телеканалининг мухбири Шаҳло Эргашева “Газли” газни қайта ишлаш заводи нима мақсадда ташкил этилгани, у алоҳида завод сифатида қачон натижа бериши билан қизиқди.

Ушбу саволга “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг қазиб чиқариш бўйича ўринбосари Алишер Мустафаев томонидан қуйидагича жавоб берилди:

– Бу завод Бухоро вилоятидаги “Газли” кони атрофидаги 20 дан ортиқ конлар базасида барпо этилди. Унинг қурилиши 1989 йилда бошланган. 2020 йилга келиб, унинг майдонида қўшимча объектлар қурилди.

Сиқув компрессор станцияларининг қурилиши натижасида ўша ерда газнинг таркибидаги сероводород ажратиб олинадиган бўлди. Шу билан бирга газнинг таркибидаги пропан-бутан аралашмаси, яъни суюлтирилган газни ажратиб олиш қурилмаси ишга туширилди. Натижада, табиий ва суюлтирилган газнинг сифат кўрсаткичлари талабларга жавоб бергани учун бу қурилмаларга завод мақоми берилди.

Ҳозирги кунда бу заводда 10 миллион куб метрдан зиёд қазиб олинган табиий газ қайта тайёрлаб, жўнатиляпти. Йилнинг охирига қадар сиқув компрессор станция ва табиий газни таркибидан суюлтирилган газни ажратиб олиш қурилмасининг қурилиш ишлари тугатилиб, ишга туширилиши мўлжалланган.

Кейинги йилдан ушбу заводда 80,0 минг тоннагача суюлтирилган газ ишлаб чиқарила бошланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|