“Ўзбекнефтгаз”: “Газли” газни қайта ишлаш заводида барпо этилган янги қурилмадан суюлтирилган газнинг илк партияси истеъмолчиларга юклаб жўнатилди

Бош саҳифа Русский

“Газли” газни қайта ишлаш заводида Пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасининг 2-босқичи муваффақиятли ишга қўшилиб, суюлтирилган газ маҳсулоти ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани хақида хабар берган эдик. Бугундан ушбу қурилмадан ишлаб чиқарилаётган суюлтирилган газ Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг Суюлтирилган газ қуйиш тармоғидан республика аҳолисига етказиб берила бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги ПҚ–4563-сонли “2020–2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Газли ҳудудида табиий газ қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш борасида бир қанча лойиҳалар амалга оширилди.

Хусусан, Бошқарув раисининг топшириғига биноан 2020/2021 йилларнинг куз-қиш мавсумида ҳамда 2021 йил учун тасдиқланган баланс кўрсаткичларини ижросини ўз вақтида таъминлаш учун қатор чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.

“Газли” газни қайта ишлаш заводида Пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасини ишга туширилиши муносабати билан йиллик суюлтирилган газ ишлаб чиқаришнинг қувватлари ошди. Шуни инобатга олган ҳолда лойиҳа доирасида Суюлтирилган газ қуйиш тармоғида маҳсулот сақлаш сиғимлари ўрнатилди.

“ЎзЛИТИНЕФТГАЗ” АЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига кўра, ускуналар тендер савдолари асосида босқичма-босқич ишлаб корхоналар томонидан тайёрлаб етказиб берилди. 10 та ҳажми 200 куб метр бўлган сиғим Россиянинг “Азстрастстрой” заводидан, газни қуйишга мўлжалланган поршенли компрессор агрегатлари “Промресурс” компанияси томонидан келтирилиб, ўрнатилди.

Куни кеча Суюлтирилган газ қуйиш тармоғи фойдаланишга топширилди ва “Газли” газни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилган суюлтирилган газ маҳсулоти ўзининг илк истеъмолчилари учун юклаб жўнатилди.

Суюлтирилган газ қуйиш тармоғига ўрнатилган сиғимлар, автоматик бошқарув тизими ва электр таъминоти ускуналарининг қурилиш-монтаж ишлари “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг малакали мутахассислари назорати остида бош пудратчи “Муборакнефтгазмонтаж” АЖ томонидан амалга оширилди.

Маълумот учун: “Газли” газни қайта ишлаш заводи Учқир мажмуаси, Бухоро вилояти, Ромитон тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 1980 йилда ишга туширилган. Суюлтирилган газ қуйиш тармоғи Пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасида ишлаб чиқарилган суюлтирилган газни сақлаш ва истеъмолчиларга тарқатишга мўлжалланган бўлиб, 2 200 тонна маҳсулот сақлаш имкониятига эга.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|