“Ўзбекнефтгаз”: Газлида газни қайта ишлаш заводининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Бухоро вилоятининг Газли шаҳрида умумий қиймати 185 миллион доллар бўлган “Пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш” инвестицион лойиҳаси, Сиқув компрессор станцияси ва Олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 6-тармоғининг туширилиши муносабати билан тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 йилда республикада нефть, нефть маҳсулотлари, табиий газ ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилиш тўғрисида” ва “2017–2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ амалга оширилди.

Ушбу тадбир меҳмонлари Диспетчерлик хизматида бўлиб, замонавий техник воситалар билан тўла жиҳозланган бино ва у ердаги иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Шундан сўнг, завод ишга туширилгани расман маълум қилинди ва тантанали тарзда ишга туширилди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев сўзга чиқиб, бу йирик лойиҳанинг амалга оширилгани билан барчани муборакбод этишди.

Ушбу технологик объектларнинг ишга туширилиши республика ички бозорида суюлтирилган газга ошиб бораётган талабни қондиришга қаратилгани ҳамда ишлаб чиқарилган суюлтирилган газ Бухоро, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчиларига етказиб берилиши таъкидланди.

– Бугунги кунда иқтисодиёт тармоқларини ва аҳолини табиий газ ва нефть маҳсулотлари билан таъминлаш корхонамиз олдида турган муҳим мақсадлардан биридир. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович томонларидан нефть-газ тармоғига кўрсатилаётган алоҳида эътибор сабабли тармоқда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дея таъкидлади “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев.

Меҳриддин Абдуллаев шунингдек, углеводородларни қазиб чиқариш йўналишида 2020 йилда табиий газ қазиб чиқариш – 33,6 млрд куб метр, газ конденсати – 1 миллион 415 минг тонна, нефть – 204,0 минг тоннани ташкил этиши кутилаётганини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Ушбу лойиҳалар қурилишида иштирок этган ва фаол қатнашган ишчи-ходимлар қимматбаҳо ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Тадбир жараёнида Газлида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар ҳам сўзга чиқиб, ўз хотиралари билан ўртоқлашишди. Бугунги кундаги ҳолат уларнинг орзуси бўлгани, бундай шароитда ишлаш самарадорликни янада оширишини таъкидлаб, ёшлар буни эъзозлашлари кераклиги айтилди.

Пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаси йилига 4,5 млрд куб метр газни қайта ишлаб, 80,0 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ҳамда 37,5 минг тонна конденсатни ишлаб чиқариш қувватига эга. Қурилманинг ишга туширилиши натижасида 120 га яқин янги иш ўринлари ташкил этилди.

Ушбу лойиҳа доирасида, газни цеолитли қуритиш қурилмаси, пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмалари, суюлтирилган газни қабул қилиш, сақлаш учун сиғимлар, лаборатория бинолари ва бошқалар қурилди.

Меҳриддин Абдуллаев ушбу тадбирни кенг ёритиш учун ташриф буюрган ОАВ вакилларига инвестицион лойиҳалар борасида батафсил маълумот берди.

Қурилиш ишлари “Муборакнефтьгазмонтаж” корхонаси томонидан амалга оширилган бўлса, технологик ускуналар – Германиянинг “Linde AG”, Украинанинг “Сумское НПО”, “Турбогаз” заводлари, Россиянинг “Гидромашсервис”, “АЗСТРАСТСТРОЙ”, “Пегас–Экспорт”, Эстониянинг “Amotec Technology OÜ” ва бошқа корхоналар томонидан етказиб берилди.

Шу билан бирга “2017–2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш Дастури” доирасида “Enter Engineering” (Сингапур) компанияси томонидан қуввати 5 млрд куб метр бўлган Сиқув компрессор станцияси ва Олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 6-тармоғи қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Заводда халқаро стандартларга жавоб берадиган марказий синов лабораторияси қурилди ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бу ерда 10 дан ортиқ турдаги таҳлилларни ўтказиш имконияти мавжуд.

Шу куннинг ўзида вахта режимида ишлайдиган ишчилар учун қурилган ётоқхонанинг ҳам очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу мажмуада ишчи-ходимларнинг яшаш ва ишлашлари учун барча қулайликлар яратилган.

Ушбу ётоқхонанинг барпо этилиши натижасида, аҳоли яшаш жойидан бир неча ўн километр узоқликда жойлашган завод ва конларда фаолият олиб борадиган ишчиларнинг яна бир муаммоси бартараф этилди.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг асосий фаолияти – газ, газ конденсати ва нефть қазиб олишдир. Асосий конлардан қазиб олинган газ ва газ конденсати 18 та конлараро газ қувурлари орқали “Газли” газни қайта ишлаш заводига юборилади ва суюқ углеводородлар “Амиробод” нефть қуйиш шохобчасига ташилади.

Янги технологик қурилмаларнинг ишга туширилиши ҳамда ишлаб чиқариш қувватларининг ошганлигини ҳисобга олган ҳолда, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси таркибига кирувчи “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш мажмуаси “Газли” газни қайта ишлаш заводи деб қайта ташкил қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2006 йилда корхона Газли нефть ва газ қазиб чиқариш корхонаси сифатида шаклланди, корхонада “Дояхотин”, “Кулбешкак”, “Ҳожиқазғон”, “Тошқудуқ”, “Калтақир”, “Ғарби” ва “Учқир” каби конлардан газ қазиб олинади.

2017–2020 йиллар мобайнида ушбу минтақада олиб борилган геология қидирув ишлари натижасида 8 та янги газ конденсат конлари очилди, жумладан, “Тўмарис”, “Жанубий Кулбешкак”, “Андақли”, “Шўрқум”, “Шортак”, “Шарқий Хатар”, “Ўртақум” ва “Жанубий Оққум”. Бу йўналишда ишлар кейинги йилларда ҳам жадал суръатларда давом эттирилади.

Ҳозирда корхонада 1,5 мингга яқин ишчи ва хизматчилар меҳнат қилиб келмоқда.

ФОТОЛАВҲАЛАР

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|