“Ўзбекнефтгаз”: “Газли газни қайта ишлаш заводида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш” инвестиция лойиҳаси ишга туширилади (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 январдаги ПҚ–2745-сонли “2017 йилда Республикада нефть, нефть маҳсулотлари, табиий газ ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилиш тўғрисида”, 2017 йил 9 мартдаги ПҚ–2822-сонли “2017–2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида” ҳамда 2020 йил 9 январдаги ПҚ–4563-сонли “2020–2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорларига мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қатор ишлар бажарилмоқда.

Қиймати 49,4 млн долларлик “Газли" газни қайта ишлаш заводида "Пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш” инвестиция лойиҳасини ҳамда 78,3 млн долларлик сиқув компрессор станцияси ва олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 6-тармоғи каби технологик объектлар шулар жумласидандир.

Ушбу объектларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида барча кучлар сафарбар қилинди ва ҳатто карантин пайтида ҳам қурилиш ишлари тўхтатилмади.

"Пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш" инвестиция лойиҳаси йилига 4,5 млрд куб метр газни қайта ишлаш орқали йилига 80,0 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ҳамда 37,5 минг тонна конденсатни ишлаб чиқаришга ва бунинг асосида ички бозорда ушбу маҳсулотларга ошиб бораётган талабни қондиришга қаратилган.

Ушбу лойиҳа доирасида – газни цеолитли қуритиш қурилмаси, суюлтирилган газни қабул қилиш, суюлтирилган газни сақлаш ва истеъмолчиларга етказиш учун сиғимлар, пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмалари, лаборатория бинолари ва бошқалар қуриш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳани жиҳоз ва материаллар билан таъминлаш мақсадида, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва уларнинг расмий вакиллари билан умумий қиймати 13,9 млн долларга тенг 18 та хорижий ҳамда умумий қиймати 129,95 млрд сўмга тенг 126 та маҳаллий шартномалар тузилган бўлиб, ҳозирда барча хорижий ва маҳаллий шартномалар бўйича молиялаштириш амалга оширилган.

Ускуналарни импорт асосида етказиб келиш доирасида Украинанинг “Сумское НПО”, “Интерпайп Украина” ва “Турбогаз” заводлари, Россиянинг “Гидромашсервис”, “АЗСТРАСТСТРОЙ”, “Пегас -Экспорт”, “Челябинский трубопрокатный завод” ва “Промресурс” заводлари, Германиянинг “Linde AG”, Эстониянинг “Amotec Technology OÜ” ва бошқа чет эл заводлари билан шартномалар тузилган.

Янги қурилма учун турбодетандер, насос, ҳаво орқали совутиш аппарати секцияси, иссиқлик алмашинув ускунаси, сепараторлар, пўлат қувурлар, FAS-HG туридаги поршенли компрессор агрегати, назорат ўлчов ускуналари, адсорбер, печ ва лаборатория ускуналари каби импорт ускуналари етказиб келинган.

Қурилиш ишлари Бош пудратчи – “Муборакнефтгазмонтаж” МЧЖ томонидан бажарилмоқда. Қурилиш майонида 300 га яқин қурувчи ва муҳандислар ҳамда 70 дан ортиқ техника сафарбар қилинди.

Шу билан бирга, "2017–2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш Дастури" доирасида янги сиқув компрессор станцияси ва олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 6-тармоғи технологик объектларининг қурилиш-монтаж ва синов ишлари “Enter Engineering” (Сингапур) компанияси томонидан якунланмоқда.

Олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 6-тармоғини ишга тушириш орқали йилига 1,5 млрд куб метр табиий газни олтингугуртдан тозалашга ва атмосферага зарарли газлар чиқиб кетишининг олдини олишга эришилади.

Сиқув компрессор станцияси йилига 5 млрд куб метр табиий газ босимини оширишга ҳамда газ таркибидаги суюқ компонентларни ажратиб олиш учун пропан-бутан аралашмасига етказиб беришга хизмат қилади.

Юқоридаги барча қурилма ва объектларнинг қурилиш-монтаж ва синов ишлари якунланиб, шу йилнинг ноябрь ойи охирида ишга туширилади. 2021 йилдан эса ушбу қурилмалар тўлиқ қувватда ишлай бошлайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|