“Ўзбекнефтгаз”: Газни цеолит ёрдамида олтингугурт бирикмаларидан тозалаш қурилмасининг I–V блоклари модернизация қилинмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги ПҚ–2697-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан тизимдаги корхоналарда барқарор ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва маҳсулот сифат кўрсаткичларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Хусусан, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси Бош иншоотида жойлашган Газни цеолит ёрдамида олтингугурт бирикмаларидан тозалаш қурилмасининг I–V блоклари ҳам модернизация қилинмоқда.

Қурилманинг I–V блокларини модернизация қилиш ишчи лойиҳавий ҳужжатлари “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади – қайта ишланаётган табиий газ сифат кўрсаткичларини “ОʻzDSt-948:2016” стандарт талабларига мувофиқлаштириш ва қурилманинг газни қайта ишлаш қувватларини ошириш учун моддий-маънавий жиҳатдан эскирган аппаратлар, қувур арматуралари ҳамда жараёнларни автоматик бошқарув тизимини модернизация қилишдан иборат.

Айни пайтда ускуналар тендер савдо танловлари асосида ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан босқичма-босқич етказиб берилди. 2 та сепаратор аппарати “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ ва 96 та юқори ҳароратга чидамли шарли кранлар Чехиянинг “Global Industrial Solutions” компанияси томонидан келтирилди.

Бугунги кунда қурилманинг II блокига 42 та шарли кран ўрнатилди ҳамда битта сепараторда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ишга қўшилди. Шунингдек, IV блокдаги 42 та шарли кранлар монтаж қилиш учун ишдан тўхтатилди.

Қурилиш-монтаж ишлари бош пудратчи “Муборакнефтгазмонтаж” АЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Технологик қурилмани модернизация қилиш натижасида йилига 4,0 млрд куб метр табиий газни цеолит ёрдамида олтингугуртдан тозалашга эришилади. Қурилманинг тўла қувватда ишлаши эса қайта ишланаётган табиий газ ҳажмлари қисқаришининг олдини олади.

Маълумот учун: Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 1980 йилда ишга туширилган. Газни цеолит ёрдамида олтингугуртдан тозалаш цехи IV блоки 1987 йилда фойдаланишга топширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|