April 4

“Ўзбекнефтгаз”: Завод учун кимёвий реагент ва зичлагичлар маҳаллий корхоналар томонидан етказиб берилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан маҳаллий имкониятларни кенгайтириш ҳисобига импортни камайтиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, “Uzbekistan GTL” заводи эҳтиёжи учун эксплуатация босқичида зарур бўладиган маҳсулот ва хизматларни ҳозирданоқ маҳаллийлаштириш ишлари ташкил этилмоқда.

Олиб борилган ишлар натижасида Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган “Process and Water Chemicals” МЧЖ билан ҳамкорликда технологик сувнинг сифатини яхшилаш учун ишлатиладиган 27 хил турдаги кимёвий реагентларни республикада ишлаб чиқариш ташкил этилди.

Ушбу кимёвий маҳсулотлар “GTL” заводи ва лицензиарлар талабларига жавоб берганини ҳисобга олган ҳолда, корхоналар билан республика электрон кооперация портали (cooperation.uz) орқали 11 турдаги маҳсулотлар бўйича 6,4 млрд сўмлик шартнома имзоланди. Қолган 16 турдаги маҳсулот бўйича тажриба-синов ишлари давом эттирилмоқда.

Айтиш жоизки, янги ўзлаштирилган кимёвий маҳсулотлар кислородни ютиш, хлор консентрациясини камайтириш, қувурлар ичида чўкинди ҳосил бўлишининг олдини олиш, тескари осмоз мембраналари юзасида микробиологик ўсишни бошқариш, коррозиядан ҳимоя қилиш, озуқа сувининг қаттиқлигини камайтириш, қозонни ички тозалаш, сувни совутиш тизимидаги микробиологик ўсишни бошқариш каби мақсадларда қўлланилади.

Шунингдек, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган “KUKIL GASPACKS” МЧЖ ҚК билан қувурлар учун техник зичлагичлар ўзлаштирилди, маҳсулот лаборатория ҳамда саноат-тажриба синовларидан муваффаққиятли ўтказилиб, 1,2 млрд сўмлик шартнома имзоланди.

Ҳозирги пайтда маҳаллий тадбиркорлик субъектлари, илмий тадқиқот институтлари ҳамда инновация марказлари (Тошкент кимё технология илмий-тадқиқот институти, А.Султонов номидаги кимё фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази) томонидан ишлаб чиқарилаётган тажриба маҳсулотларини ҳам “Uzbekistan GTL” заводида тажриба-синовларидан ўтказиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, учинчи ренессеанс пойдевори деб таъриф берилган “Uzbekistan GTL” заводида йилига 3,6 млрд. метр куб табиий газ қайта ишланиб, 1,5 млн тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тн авиакеросин, 724 минг тн дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|