“Ўзбекнефтгаз” АЖ коронавирус билан касалланган ишчи-ходимлар саломатлигини тиклаш мақсадида 6 та ҳудудда марказлар ташкил қилди

Бош саҳифа Русский

2020 йилнинг 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган Ф–5537-сон фармойишга асосан, “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда мутасадди давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар бошланди.

Жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан, тизимидаги ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш корхоналарида ҳам коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлардан иборат бўлган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Узлуксиз фаолият олиб борадиган “Махсус штаб” тузилди ва барча корхоналардаги вазият бўйича ахборотлар ҳар куни жамлаб борилди. Коронавирус юқтирганлар эса аниқланиб, уларни даволаш чоралари кўрилди.

Айни мана шу йўлда Бошқарув раисининг Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Қашқадарё, Бухоро, Андижонда коронавирус юқтирган ишчи-ходимлар учун тақсимлаш марказлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича буйруғи имзоланди ва бу борада белгиланган барча ишлар амалга оширилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизимидаги корхоналарда фаолият юритиб бораётган ишчи-ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини COVID-19 билан касалланган тақдирда тўлиқ даволаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вирусология илмий-тадқиқот институти, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти клиникаси, шунингдек Клиник шошилинч ёрдам касалхонаси, Перинатал маркази билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Малакали шифокорлар жалб этилиб, ҳар бир ишчи-ходимнинг ҳаётини, саломатлигини сақлаш ва тиклаш борасида кечиктириб бўлмас чоралар амалга оширилди.

Коронавирус бутун мамлакат бўйлаб тарқалгач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармон имзонланди.

Ушбу фармон коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида тизимдаги ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва нефт-газ соҳасида фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш борасида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолияти учун ҳам дастур ул-амал бўлди.

Табиий газ қазиб чиқарилиши ва қайта ишлаш йўналишида узлуксиз иш ташкил қилиш бўйича барча чоралар кўрилди. Энг аввало, Бошқарув раисининг ташаббуси билан вахта услубида иш йўлга қўйилди. Карантин даврида 15 кун меҳнат қилган ишчи-ходимлар 15 кун уйларида бўлишди. Шунингдек, ҳар бир ишчи-ходим ПЦР тест натижаларига кўра ишлаши ташкиллаштирилди.

Бу эса, ўз навбатида ўзининг ижобий натижасини бериб, ўтган давр мобайнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан бажарилиши керак бўлган кўрсаткичлар, амалда ошиғи билан бажарилди.

Қайд этиш керакки, коронавирус юқтирган беморлар учун ташкил қилинган клиникаларда барча шароитлар мужассам қилинди ва бу доимий тарзда айнан Бошқарув раиси томонидан назорат қилиб борилди.

Жумладан, асосий қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш корхоналари Қашқадарё вилоятида жойлашгани инобатга олиниб, Муборак туманида қисқа муддат ичида “UNG Medline” клиникаси қуриб битказилди ва ишга туширилди. Бу ерда асосан, ишчи-ходимлар, уларнинг яқинларига барча тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитлар яратилиб, малакали тиббий ходимлар хизмат кўрсатиб келишмоқда.

Шунингдек, Бухоро вилоятида ҳам ишчи-ходимлар учун Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли клиникада ишчи-ходимлар учун коронавирус касаллигини даволаш учун шароитлар ҳозирланди. Узлуксиз иш ташкил қилиниб, вирус юқтирган оғир аҳволдаги беморларнинг даволаниши учун замонавий тиббиёт ускуналари келтирилди.

Клиника жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган энг замонавий мультиспирал компьютер томографик, рақамли флюрография, рентгенография ва рентгеноскопия аппаратлари энг охирги моделдаги телебошқарилувчи рентген диагностика комплекси каби тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Бу борадаги ишлар Тошкент вилояти ҳудудида учта йирик нефть базалар жойлашганини инобатга олиниб, қисқа муддатда “UNG Toshkent dengizi” оромгоҳи қуриб битказилди ҳамда пандемия даврида коронавирус юқтирган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилди.

Оромгоҳнинг инфратузилмаси ҳам такомиллаштирилиб, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг мароқли дам олиши, саломатликларини тиклашлари учун барча зарур шароитлар яратилди.

Беморларни қабул-саралаш, санитар-ўтказиш, беморларга санитар ишлов бериш, тиббий текширувдан ўтказишга ҳам малакали шифокорлари жалб этилди.

Ўз навбатида коронавирус инфекцияси юқтириб олган ва ўта оғир аҳволга келган ишчи-ходимлар ва уларнинг яқинларини даволаш учун Тошкент шаҳридаги “Ozoda Shifo”, “New Medical Service”, Қашқадарё вилоятидаги “Zarmas Shifo” каби бир қатор хусусий клиникалар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Клиникалардаги малакали шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатиши учун жалб қилиниб, барча харажатлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан тўлаб берилган ҳолда, ишчи-ходимлар ижтимоий қўллаб-қувватлаб келинмоқда.

Ўз навбатида вакцина билан эмланиш ишлари ҳам аллақачон бошлаб юборилди, тизимда фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг 24 минг нафари қисқа бир ҳафта муддатда биринчи босқичда эмланишди.

Бошқарув раисининг шахсий назорати остида вакцина билан эмлаш ишлари давом эттирилмоқда. Бунинг учун барча бошқарма, завод ва нефть базаларда Махсус штаб ташкил этилган бўлиб, шифокорлар билан ҳамкорликда ишлар давом эттирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|