“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи “SK Engineering & Construction” компанияси билан ҳамкорликда модернизация қилинади (Фото)

2020 йил 6 июль куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва Жанубий Кореянинг “SK Engineering & Construction” компанияси президенти Джейсон Анн Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва қайта қуриш бўйича шартнома имзоладилар.

Ушбу шартнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 29 апрель кунидаги ПҚ–4301-сонли “Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан имзоланди.

Ўтган 2019 йил 19 апрелда Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида “Ўзбекненфтгаз” АЖ ва "SK Engineering & Construction" компанияси ўртасида Бухоро НҚИЗни модернизация қилиш ва қайта қуриш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланган.

Хабар берилганидек, “Бухоро НҚИЗ модернизация қилиш ва қайта қуриш” лойиҳаси мавжуд қувватларни қайта ишлаш чуқурлигини 79% дан 95% гача ошириш, ёруғ нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 77% дан 91% гача ошириш ва Евро 5 стандартининг талабларига жавоб берадиган нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган.

Ушбу лойиҳа доирасида умумий нафтани гидротозалаш, енгил нафтани изомеризация қилиш, водород тозалигини ошириш учун қисқа циклли адсорбция қурилмалари ва мазутни каталитик крекинглаш комплексини янгидан қуриш ҳамда нордон газларни аминли тозалаш, газойлни гидротозалаш ва нефть ва газ конденсати аралашмаларини атмосфера дистиллаш қурилмаларини қайта қуриш режалаштирилган.

“SK Engineering & Construction” нефть-кимё ва энергетика саноатида лойиҳалаш ва қуриш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан биридир.

Маълумот учун: “SK Engineering & Construction” SK E & C 400 дан ортиқ нефть ва газ, нефть-кимё, энергетика соҳасида лойиҳаларида иштирок этган, бундан 360 таси янгидан қурилган заводлар ва 59 таси модернизация лойиҳаларидир. Саудия Арабистоннинг “Арамко” компанияси учун йиллик 17 млн. тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга бўлган завод ва Канаданинг “Suncor” компанияси учун йилига 9 млн.тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга заводини қуриш лойиҳалари шулар жумласидандир.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|