“Ўзбекнефтгаз”: Инвестицион лойиҳа доирасида қудуқларни масофадан мониторинг қилишни ташкиллаштириш учун суюқликни ўлчовчи ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” ва “Зарубежнефть” акциядорлик жамиятлари иштирокида “ANDIJANPETRO” МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилган эди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига асосан, қўшма корхона томонидан замонавий ускуналар, технологиялар ва нефть қазиб чиқариш усулларини қўллаган ҳолда “Хартум”, “Шарқий Хартум” ва “Жанубий Оламушук” конларидан нефть қазиб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар, “Жанубий Оламушук” конидаги нефть тайёрлаш пунктида нефтни узлуксиз тайёрлаш ва ҳисоблашни автоматлаштирилган тизим ёрдамида назорат қилиш мақсадида сиғим паркида 6 та сатҳни ўлчаш мосламалари ўрнатилди.

“Хартум” конидаги қудуқларни масофадан мониторинг қилишни ташкиллаштириш учун 4 та қудуқда суюқликни ўлчовчи ҳисоблагичлар ўрнатилди. Октябрь ойи сўнггигача яна 13 та, 2021 йил сўнггига қадар эса барча қудуқларда ҳисоблагичлар ўрнатилиши режалаштирилган.

Ушбу конга қарашли 43-сонли қудуққа “ОЗНА” ўлчаш ускунасининг ўрнатилиши натижасида, операторлар телемеханика каналлари орқали қудуқлардаги ҳисоблагичлар кўрсаткичлари, қудуқ фондининг ишлаш жараёни ва нефть ҳажми ҳақида сўнгги ва аниқ маълумотларни олишга муваффақ бўлишмоқда.

Мавжуд объектлар ва мол-мулклар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, муҳим объектлар периметри бўйлаб кузатув ускуналари ўрнатилди, қўриқчилар радиоалоқа ускуналари билан таъминланди.

Қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида, тўхтаб турган қудуқларни ишга тушириш, қудуқларни устки қатламга ўтказиш, нефть қазиб олишни жадаллаштириш, ишлатиш тизимини оптималлаштириш, қудуқ тубини тозалаш каби геологик-техник тадбирлар ҳамда капитал-жорий таъмирлаш ишлари режага мувофиқ амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, “Хартум” ва “Шарқий Хартум” конларининг гидродинамик моделлари яратилди. Жорий йил якунига қадар “Жанубий Оламушук” конининг моделини яратиш ишлари якунланиши режалаштирилган.

Яратилган моделлар ёрдамида геологик-техник тадбирлар ўтказиш объектлари ва турларига ўзгартириш киритилиши ва янгилари жорий этилиши мўлжалланган.
Таъкидлаб ўтиш керакки, лойиҳа доирасида жами 13,9 млн АҚШ доллари тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан жорий йилда 3,4 млн АҚШ доллари ўзлаштирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|