“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Қашқадарёдаги конлар, қудуқлар, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналар фаолиятини ўрганди (Фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ижроси юзасидан жойларда қилинаётган ишлар ўрганилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев раҳбарлигида “Ишчи гуруҳ” аъзолари Қашқадарё вилоятидаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлар корхоналари, конлар ҳамда қудуқларда бўлиб, у ердаги ҳозирги ҳолатни ўрганди.

Бошқарув раиси ва “Ишчи гуруҳ” аъзолари дастлаб Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига ташриф буюрди ва бу ерда аввало, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, унинг олдини олиш учун зарур бўладиган дори воситалар ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Шундан сўнг, Бошқармага қарашли конларда бажарилаётган ишлар ҳолати ўрганилди ва карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, ишлаб чиқаришда мутлоқо узилиш ёки камайиш бўлмаслиги борасида вазифалар белгилаб олинди.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Муборак НГҚЧБга қарашли “Жанубий Муборак” конидаги бурғулаш ишлари олиб борилаётган 10-сонли қудуқдаги ишлар билан яқиндан танишди.

Бурғулаш ишларини олиб бораётган “ERIELL MIDDLE OFS DMCC” компанияси мутахассислари билан қисқа муддатда бурғулаш ишларини якунлаш ва фойдаланишга топшириш бўйича келишиб олинди.

Шунингдек, Бошқарув раиси томонидан қудуқларда олиб борилаётган бурғулаш ишларини белгиланган муддатларда тугатиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш ва уни қатъий назоратга олиш бўйича тегишли раҳбарларга топшириқ берилди.

Бундан ташқари, Бошқарув раиси нефть ва газ соҳасидаги ишлаб чиқаришнинг сезиларли ошиши йўлида хизмат қиладиган 3 та Сиқув компрессор станциясининг қурилиш лойиҳаси тақдимоти билан ҳам танишди.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида жойлашган ишлаб чиқариш ва қайта ишлар корхоналари, заводлар, конлар ҳамда қудуқлар фаолиятини ўрганишни давом эттирмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|