“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан Бухородаги табиий газ қазиб чиқарилиши ва қайта ишланиши ҳолати ўрганилди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзоларининг Устюрт ҳудудидаги табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолатлари бўйича ўрганиш ишлари якунланиб, Бухоро вилоятидаги Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси конларида давом эттирилди.

Газли ҳудудида, аввало, табиий газ қазиб чиқариш ва газни тайёрлаш қурилмаларининг ишлаши ҳамда барқарорлигини таъминлаш билан сифатли газ етказиб бериш учун олиб борилаётган модернизация лойиҳалари ўрганилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан бугунги кунда республика аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларини нефть ва газ маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, углеводород хомашёсини қазиб чиқариш ҳажмини ошириш борасида амалий ишлар қилинмоқда.

Ушбу лойиҳалардан бири сифатида, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Янгиқазғон” конидаги Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасида газ сифатини талаб даражасида тайёрлаш ҳамда бошқарув жараёнларини автоматлаштириш бўйича модернизация ишларининг олиб борилаётганини айтиб ўтиш жоиздир.

“Янгиқазғон” кони 1967 йилда ишга туширилган бўлиб, қазиб олинаётган табиий газ дастлабки тайёрлаш қурилмасидаги мавжуд 3 дона сепараторларда қатлам сувлари, механик бирикмалар ва газ конденсатидан тозаланиб, “Ўзтрансгаз” АЖга қарашли магистраль қувурларга узатилиб келинмоқда.

Истеъмолчиларни тоза, сифатли табиий газ билан таъминлаш, ажратиб олинаётган газ конденсатини қайта ишлашга жўнатишга тайёрлаш ва узатилаётган табиий газ ҳисобини юритиш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида, жорий йилда ушбу кондаги Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу модернизация ишлари ҳолатини ўрганиш ва тезкор тугатиш мақсадида, Бошқарув раиси ушбу конга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ишларнинг ҳар бир жараёнларини ўрганиб чиқди, шу билан бирга, табиий газ сифат кўрсаткичларини яхшилаш, углеводородлар ҳажмини оширишни таъминлаш мақсадида барча зарур ресурсларни жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

“Нефть-газ қурилиш ва таъмирлаш” АЖ қурилиш ва пайвандлаш жамоаси ходимлари томонидан қурилиш-монтаж ишларини тез орада якунлаб, фойдаланишга топшириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Шу билан бир қаторда, “Янгиқазғон” ва “Ёрқин” конларидан табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича газни етказиб бериш жараёнларида технология йўналишида олиб борилган бир қатор ишлар билан танишиб, ишлаб чиқилган геологик-техник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан тегишли раҳбарларга топшириқлар берилди.

Шундан кейин, “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан "Газли" газни қайта ишлаш заводида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ижроси ҳолати ўрганилди.
"Газли" газни қайта ишлаш заводида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги ПҚ–4563-сонли “2020–2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаси инвестиция лойиҳасини иккинчи босқичини ишга туширишга тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

Ўрганишлар давомида, лойиҳа бўйича табиий газдан суюлтирилган газни ишлаб чиқариш комплекси таркибига кирувчи Цеолит ёрдамида газни қуритиш қурилмаси, Пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмаси, Суюлтирилган газ қуйиш паркида олиб борилаётган ишлар жойида ўрганилди.

Шу ерда лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишларининг олиб борилиши назорат қилинди ва мавжуд муаммолар муҳокама қилиниб, тегишли масъулларга қисқа фурсатда бартараф этиш кераклиги бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, "Газли" газни қайта ишлаш заводидаги технологик жараёнларни автоматлаштириш, Дастур бўйича газни қайта ишлаш жараёнларининг узвий қисми бўлган инфраструктуравий технологик объектларни ишга тушириш йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиб чиқилди, лойиҳалар бўйича тегишли департамент ҳамда завод бошлиқларига қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб берилди.

Ўрганиш давомида, Бошқарув раиси "Газли" газни қайта ишлаш заводида ишчиларнинг ишлаш ҳамда яшаш шароитларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан жойида танишди. Ишчилар билан суҳбатда бўлиб, мавжуд камчиликлар ҳамда муаммолар ўзаро муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, "Газли" газни қайта ишлаш заводи хомашё базасини ривожлантириш учун табиий газ қазиб олишни кўпайтириш ишлари юзасидан конларда олиб борилаётган геологик-техник тадбирлар тақдимоти бўлиб ўтди.

2021 йилда Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси олдига қўйилган вазифаларнинг бугунги кундаги ижро ҳолати билан танишиб чиқилди.

Бошқарма томонидан ҳозирги кунда жами 29 та конда табиий газ қазиб чиқариш ишлари олиб борилаётган бўлиб, шулардан 22 таси 234 та қудуқ билан ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этаётган бўлса, яна 7 та конда геология-қидирув ҳамда конларни ўзлаштиришга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 2021 йилда 55 та қудуқни бурғилаш ва 120 та қудуқда капитал таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 8 та қудуқ бурғиланди, 4 та қудуқ эса капитал таъмирланиб ишга топширилди.

2021 йилнинг февраль ойида яна 4 та қудуқ бурғиланади ва 5 та қудуқ капитал таъмирланиб ишлатишга топширилади.

Ушбу қудуқларнинг табиий газ қазиб чиқарилишини таъминлаш борасида алоҳида аҳамиятга эга эканлиги қайд этилиб, улардаги бурғилаш ишларининг ҳар бир жараёнларини олдиндан пухта тайёргарлик кўрган ҳолда, мукаммал бажариш лозимлиги, бу ишларга барча зарур ресурсларни жалб этиш таъкидланди.

Бурғилаш ишлари тугатилганидан сўнг, қудуқлардаги ҳар бир маҳсулдор қатламларни синаш ишларини алоҳида дастур асосида, юқори малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда амалга ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Бошқарув раиси томонидан “Чаккақум”, “Ғарбий Ҳаққул” ва “Ҳаққул” конларида 18 терриген Юра қатламларида саноат миқёсидаги газ оқими олинганлигини инобатга олиб, “Шимолий сузма” конидаги 15 карбонат Юра қатламига қазилган қудуқларни ҳам 18 қатлам терриген Юра ётқизиқларигача чуқурлаштириб, янги истиқболларини очиш борасида ишларни давом эттириш кераклиги айтилди.

Бошқарув раиси республикада коронавирус пандемияси даври тугамаганлиги сабабли, ишлаб чиқариш объектларида фаолият юритаётган ишчиларнинг саломатлигини назорат қилиш, инфекция тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, профилактик тадбирлар ўтказилиши учун жавобгарлик шахсан корхона раҳбарларига юклатилганлигини яна бир бора эслатиб ўтди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|