“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари Қашқадарёдаги табиий газ конлари ва қудуқларида қазиб чиқариш жараёнларини ўрганди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 2021 йил прогноз кўрсаткичларини бажаришга қаратилган геолого-техник чора-тадбирларни амалга ошириш режалари юзасидан “Шўртан” штабида бошқарма, кон бошлиқлари ва геологлар иштирокида йиғилиш ўтказди.

2020 йилдаги режа кўрсаткичларининг бажарилгани, куз-қиш мавсумида эса газ қазиб чиқариш кўрсаткичларини оширишга қаратилган тадбирларнинг ижроси кўриб чиқилиб, долзарб муаммолар, хусусан, геологик қидирув ишларини кенгайтириш, 2021 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган геолого-техник тадбирларни жадаллаштириш билан режа кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, янги ишга туширилиши режалаштирилаётган “Uzbekneftegaz GTL” заводининг асосий хомашё базаси ҳисобланади.

Шуни эътиборга олиб, Бошқарув раиси томонидан Шўртан регионида геологик-қидирув ишларини жадаллаштириш, ушбу регионда янги истиқболли газ конларини ўзлаштириш каби масалалар юзасидан фикрлар алмашилди.

Янги конларни очиш юзасидан режалаштирилган қудуқларни ишга тушириш юзасидан геологларга тегишли топшириқлар бериб ўтди.

2021 йилда Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 43 та қудуқларда бурғилаш ишларини олиб бориш, 177 та мавжуд қудуқларда мукаммал таъмирлаш ва интенсификация ишлари ҳамда 8 та технологик тадбирларни бажариш режалаштирилган.

Шунингдек, табиий газ ҳажмларини ошириш ва конни бир маромда ишлашини таъминлаш мақсадида, жорий йилда “Жанубий Тандирча” ва “Бўзахўр” конларида сиқув компрессор станцияларини қуриб ишга тушириш юзасидан тегишли раҳбарларга топшириқлар бериб ўтди.

Бу борадаги ишларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун геолого-техник тадбирларда амалга оширилиши кўзда тутилаётган қудуқларни бурғилаш ва капитал таъмирлаш, технологик объектлардаги ишга тушириш ишларини ўз вақтида бажарилиши бўйича вазифалар белгиланди.

Бунинг учун зарур материал-техник ресурслар, эҳтиёт қисмлар ва воситалар билан зудлик билан таъминлаш бўйича тегишли мутахассисларга кўрсатмалар берилди.

Жорий йилда Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида табиий газ қазиб чиқаришни 9 млрд куб метргача кўпайтириш учун барча тадбирларни амалга ошириш зарурлиги ҳақида таъкидлаб ўтилди.

Бошқарув раиси ҳар бир кон бошлиғи билан суҳбатлашар экан, улардан биринчи навбатда ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитлар, ойлик маошларнинг ўз вақтида берилиши, ижтимоий масалалар, қазиб чиқариш жараёнларида бевосита иштирок этаётган ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар, ишлаб чиқаришдаги муаммолар юзасидан суҳбатлашди.

Кон бошлиқлари ва тегишли мутахассисларнинг таклифига асосан, қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш учун зарур техникалар билан таъминлаш ва ускуналарни қисқа муддатларда етказиб келиш чораларини кўриш юзасидан тегишли раҳбарларга топшириқлар бериб ўтди.

Ташриф давомида “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Жанубий Тандирча” конига ташриф буюриб, 61-, 64-сонли янги бурғилаш қудуқлари билан яқиндан танишди.

Бурғилаш устаси ва ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиб, ишларни белгиланган муддатларидан аввал тугатиш учун чоралар кўриш кераклиги ҳақида топшириқлар бериб ўтди.

Ишчи-ходимларнинг яшаш шароити, озиқ-овқат масаласи билан алоҳида танишиб, барча зарурий чоралар кўриш ҳақида тегишли раҳбарларга кўрсатмалар бериб ўтди.

Бундан ташқари, Бошқарув раиси ишчилар учун овқат тайёрланиш жараёни билан яқиндан танишиб, таомнома ва тайёрланаётган овқат таркиби бўйича саволлар бериб, ҳақиқий ҳолатни ўрганди.

Ошпаз билан суҳбат жараёнида Бошқарув раиси ишчи-ходимлар учун яратилган шароитни ўрганди ва энг зарури – уларга доимо эътибор берилиши кераклигини таъкидлаб, чўл шароитида бўлса-да, барча қулайликларни яратиш зарурлигига оид вазифаларни белгилаб берди.

Ўз навбатида, Газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси, қудуқларни йиғиш пункти ва янги сиқув компрессор станциясини қурилиши режалаштирилган майдонга ташриф буюриб, сиқув компрессор станциясини ўрнатиш жойи белгиланди.

“Ишчи гуруҳ”нинг Қашқадарё вилоятидаги сафари давом этмоқда.


ФОТОЛАВҲАЛАР

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|