“Ўзбекнефтгаз”: Янги майдонларда излов-қидирув ва эксплуатацион қудуқларни бурғилаш ишлари олиб борилмоқда

Бош саҳифа Русский

2021 йилда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва углеводород захираларини ўстириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “Углеводород хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш” Дастури ишлаб чиқилди.

Ушбу Дастурга асосан, жорий йилда табиий газ захираларини 35,0 млрд куб метрга ва суюқ углеводород захираларини 900 минг тоннага ўстирилиши белгилаб қўйилди.

Дастурда белгиланган вазифаларни бажариш учун 19 та янги истиқболли майдонларда чуқур бурғилаш ишларини бошлаш, 170 000 метр ҳажмдаги излов-қидирув қудуқларини бурғилаш ва 50 та излов-қидирув қудуқларини қурилиш билан тугатиш режалаштирилган.

Геология-қидирув ишларига бўлган эътиборни янада кучайтириш ҳамда дастурни тўлиқ бажариш мақсадида 2021 йил “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида “Геология-қидирув ишларини жадаллаштириш йили” деб эълон қилинди.

Дастур бўйича қудуқларда бурғилаш ишлари бошлаб юборилди. Бугунги кунда 4 та янги майдонда (“Раззоқбобо”, “Ижобат”, “Аввал” (Бўр) ва “Чорбоғ”) чуқур бурғилаш ишлари бошланди.

Бундан ташқари, 3 та қудуқда синов ишлари, 17 та қудуқда бурғилаш ишлари ва 10 та қудуқ ўрнида бурғилаш дастгоҳларининг монтаж ва ташиш ишлари олиб борилмоқда.

2021 йилда белгиланган углеводород хомашё қазиб чиқариш ҳажмини бажариш ва кўпайтириш мақсадида, Жамиятнинг ўз маблағлари ҳисобидан эксплуатация қудуқлари қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Ушбу йўналишда жорий йилда 56 та эксплуатация қудуқларини бурғилаш ва қурилиш билан тугатиш кўзда тутилган, ҳозирги кунда 17 та қудуқда бурғилаш ишлари, 2 та қудуқда синов ишлари ва 7 та қудуқ ўрнида бурғилаш дастгоҳларини монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|