“Ўзбекнефтгаз”: “GTL” заводида ишлаб чиқариладиган авиакеросин маҳаллий ва халқаро авиақатновлар эҳтиёжи учун етказиб берилади

Бош саҳифа Русский

“Uzbekneftegaz GTL” заводи 2021 йилнинг учинчи чорагидан бошлаб юқори сифатли синтетик ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариши, импорт ўрнини босиш мақсадида Республикамизнинг ички бозорига ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ташқи бозорларга етказиб беришни бошлаши кўзда тутилган.

Завод ишга тушиши билан, бошқа маҳсулотлар қаторида синтетик керосин маҳсулоти ишлаб чиқарилиши бошланади. Ҳозирги кунда ушбу ёқилғи нефть хомашёси негизида олинган “Жет А-1” авиакеросини билан 50 фоизгача бўлган пропорциядаги аралашмаси фуқаролик авиациясида қўлланилишига рухсат берилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан, ушбу масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида “Uzbekistan Airways” АЖ раиси биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов бошчилигида “Uzbekistan Airports” АЖ ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги фуқаро авиацияси агентлиги масъул ходимлари иштирокида музокаралар ўтказилди.

Музокаралар давомида “Тозаланган метан гази негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” лойҳаси доирасида ишлаб чиқариладиган синтетик керосин маҳсулоти, унинг афзалликлари ва қўлланиш усуллари хақида батафсил маълумот бериб ўтилди.

“Uzbekneftegaz GTL” заводи ишга тушгандан сўнг синтетик керосин ёқилғиси “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводида анъанавий авиаёқилғи билан аралаштирилиб “ASTM D7566” стандартига мувофиқ ярим синтетик “Жет А-1” авиаёқилғисини ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Ушбу маҳсулот республикамизнинг ички маҳаллий ва халқаро авиақатновлар эҳтиёжи учун етказиб берилиши кўзда тутилган.

Маълумот учун, 2010 йил 73-сонли “ИАТА” йиллик умумий йиғилишида 2050-йилга келиб 2005-йилга нисбатан авиатранспорт чиқиндиларини 50 фоизга камайтириш бўйича Резолюцияси қабул қилинган.

Шу ўринда халқаро тадқиқотлар ва илмий-амалий ишлар натижасида, синтетик керосин аралашмасидан ҳосил бўлган ярим-синтетик тайёр “Жет А-1” авиаёқилғиси атроф-муҳитни зарарлантириш даражаси, анъанавий нефть хомашёси негизида олинган “Жет А-1” авиаёқилғиси билан солиштирганда 40 фоизгача кам чиқиндилар ҳосил қилиши аниқланган.

Ҳозирги кундаги иқтисодиётнинг жадал ўсиши, одамларнинг турмуш тарзи яхшиланиши ва дунёда пандемия оқибатидаги чекловларнинг юмшатилиши авиаёқилғининг нафақат ички истеъмоли, балки халқаро авиақатновларга хизмат кўрсатишда ҳам ёқилғи маҳсулотларига талаб ошишига олиб келмоқда.

Ушбу талабларни ўз вақтида қондириш, сифатли ва импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан қўйилган асосий вазифалардан этиб белгиланган.

Ушбу йўналишда “Uzbekneftegaz GTL” заводи, “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи ва авиаёқилғи истеъмолчилари, яъни “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан амалга оширилиши лозим бўлган масалалар кенг муҳокама қилинди ва бажариладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар йўл харитаси ишлаб чиқилди. Томонлар Республика манфаати учун кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва истеъмолчиларга сифатли маҳсулот ва хизматларни етказишда биргаликда ва ҳамжихатликда иш олиб боришга келишиб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|