“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Бухорода олиб борилаётган геология-қидирув ишлари ва табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолатини ўрганди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари Бухоро вилоятининг Газли ҳудудида бўлиб, нефть-газ соҳасида бажарилаётган ишлар билан танишди.

Ташриф давомида асосан, геология-қидирув ишларини ривожлантириш, углеводород хомашёси захираларини ўстириш, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати жойларга чиқиб ўрганилди.

Бошқарув раиси раҳбарлиги остидаги “Ишчи гуруҳ” геология-қидирув ишларининг бориши, янги излов-қидирув қудуқларини бурғилаш ҳамда углеводород хомашёси захираларини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган тадбирларни ўрганиш мақсадида Газли ҳудудида бўлди.

Таъкидлаш керакки, айни вақтда Газли ҳудудида жойлашган “Шортак”, “Андакли”, “Жанубий Оққум” ва “Ўртақум” конларидаги 4 та қидирув қудуқларда бурғилаш, шунингдек, “Сулаймонтепа”, “Четқум”, “Каттатепа” ва “Тошқалъа” майдонлари ҳудудида эса 4 та янги излов қудуқлари бурғилаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси дастлаб, “Саватли” конидаги 14-, 15-сонли ишлатиш қудуқларидаги бурғилаш жараёнлари билан танишишдан бошлади.

“Саватли” конидаги 14-, 15-сонли қудуқларда, мос равишда 2020 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида бурғилаш ишлари бошланиб, улар 2021 йилнинг январь–февраль ойларида тугатилган. Ҳозирда ушбу қудуқларни маҳсулдорликка синаш ишлари олиб борилмоқда.

Бошқарув раиси 14-сонли қудуқдаги бурғилаш ускунасини демонтаж қилиш ҳамда 15-сонли қудуқнинг дастлабки синаш оралиғида капитал таъмирлаш ишлари билан танишиб, ҳақиқий ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, ишчи-ходимларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини инобатга олиб муаммоларни аниқлади.

Бошқарув раиси ушбу кон ва қудуқларда ишчи-ходимларга яратиб берилган шароит, уларнинг ишлаш ҳамда яшаш шароитлари билан жойига чиққан ҳолда танишди.

Айнан, ишчиларнинг овқатланиш шароитлари билан танишиш жараёнида, чўл ҳудудидаги махсус ошхонада ишчи-ходимлар билан биргаликда тушлик қилди.

Ишчи-ходимларнинг таомномаларида нималар бўлиши кераклиги, энг аввало, уларнинг яхши овқатланишлари – яхши ишлашлари учун замин яратишини таъкидлаб, бу борада алоҳида кўрсатмалар белгилаб берилди.

Ишчи-ходимлар ҳам ўз навбатида Бошқарув раис томонидан уларга берилаётган эътибор ва билдирилаётган ишонч учун миннатдорчилик билдиришди.

Конлар ва қудуқларда амалга оширилаётган ишлар мутахассислар иштирокида таҳлил қилинди. Ўрганишлар давомида табиий газ қазиб чиқарилиши учун зарур бўлган техник воситалар рўйхати шакллантирилди ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли мутахассисларга топшириқлар берилди.

Бошқарув раиси Газли ҳудудидаги табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолати ҳамда конлар ва қудуқлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш ишларини яна бир неча кун давом эттиради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|