December 15, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Қашқадарёда кунлик дибети 1,0 млн куб метр табиий газни ташкил этадиган излов қудуғи бурғиланди (Видео)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қашқадарё вилояти ҳудудида углеводород хомашё захираларини кўпайтириш бўйича берилган топшириқлари ижроси доирасида излов-қидирув, бурғилаш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини амалга ошириш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Қашқадарё вилояти ҳудудида олиб борилаётган геология-қидирув ишлари натижасида “Илонли” газконденсат конида навбатдаги излов қудуғидан саноат миқёсидаги газконденсат оқими олишга эришилди.

Мазкур кон ҳудудида 2015-2017 йилларда “3Д” сейсмик қидирув ишлари ўтказилди. Янги олинган “3Д” сейсмик қидирув ишлари маълумотлари асосида конда геология-қидирув ишларини давом эттириш мақсадида 2021 йилнинг 8 июль куни 2-сонли излов қудуғи бурғилашга киритилди ва қудуқ 2969 метр чуқурликгача маҳсулдорлиги баҳоланган XV ва XVa қатламларигача тўлиқ бурғиланди.

Жорий йилнинг 11 декабрь куни “Илонли” конидаги 2-сонли қудуқнинг 2967-2887 метр оралиғида диаметри 139,7 мм лик ишлатиш қувурида ўрнатилган фильтр орқали синаш ишлари натижасида карбонат юра даври ётқизиқларининг XV ва XVa қатламларидан саноат миқёсидаги табиий газ оқими олинди.

Қудуқдаги табиий газнинг эркин дебити кунлик 1,0 млн куб метрни ташкил этмоқда. Бугунги кунда қудуқда маҳсулдор қатламнинг босими, ҳарорати ва кон-геологик параметрларини аниқлаш ҳамда унинг саноат миқёсида ишлаб чиқариш қувватларини баҳолаш мақсадида, геологик-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун таъкидлаш жоизки, “Илонли” кони Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси тасарруфига киради.

Ушбу кон “Ўзбекгеофизика” АЖ томонидан 2005 йилда ўтказилган “2Д” сейсмоқидирув ишлари натижасида чуқур бурғилашга тайёрлаган. 2007 йилда 1-сонли излов қудуғи бурғиланиб, саноат миқёсидаги табиий газ оқими олиниши натижасида “Илонли” кони очилган. Кон бўйича юра даври ётқизиқларининг карбонат қатламлари (XV, XVa) маҳсулдор ҳисобланади.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг 2022 йилга мўлжалланган углеводород хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта ҳосил қилиш дастури доирасида “Илонли” конида навбатдаги 3-, ва 4-сонли излов-қидирув қудуқларида бурғилаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Маълумот учун: “Илонли” конининг ўлчами 11,4 кв.км. бўлган 3 гумбазли тузилма. Илонли тузилмаси 2005 йилда тайёрланган. Майдоннинг дастлабки С3 тоифасидаги истиқболли табиий газ ресурси – 2872,0 млн куб метр, суюқ углеводородлар ресурси – 1208,2 минг тонна деб баҳоланган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|