“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида коронавирус пандемияси даврида ишни тўғри ташкил қилиш ҳамда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини оширишга доир видеоселектор йиғилиши ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 август куни жорий йилнинг биринчи ярмидаги иқтисодий натижалар таҳлили ҳамда йил якунига қадар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисига ҳам топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида ўтказилган йиғилишда Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқларни ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда белгиланган кўрсаткичларни бажариш мақсадида вазифалар белгилаб олинди.

Бошқарув раиси йиғилиш аввалида аввало, карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ишни тўғри ташкил қилиш, жойларда ходимларнинг саломатлигини асраш ҳамда уларнинг меҳнат қилиши учун барча шароитларни яратиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Барча бошқармалар, завод ва корхоналарда, нефть базаларда ишчи-ходимларнинг вакцина олишини ташкиллаштириш ҳамда шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш ҳамда ўз-ўзини ҳимоя қилиш йўлида белгиланган қоидаларга амал қилиш муҳокама қилинди.

Энг аввало уй шароитида даволанаётган ходимларнинг аҳволидан мунтазам хабардор бўлиш ҳамда уларга зарур шароитларни яратиш бўйича алоҳида топшириқлар берилди.

Бошқарув раиси коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳар қандай вазиятда корхонанинг биринчи раҳбари шахсан жавобгар эканлигини таъкидлаб, йўл қўйилган хатолар сабаб уларнинг лавозимдан олинишини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида бажарилиши белгиланган кўрсаткичлар таҳлил қилинди.

Энг аввало, дизель ёқилғиси захирасини ошириш, саноат маҳсулотларини купайтириш, полиэтелин маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини купайтириш мақсадида конларда, қудуқларда технологик жараёнларни сифатли амалга ошириш белгиланди.

Шу ўринда, геология қидирув-разведка, бурғилаш, капитал таъмирлаш ишларини мунтазам давом эттириш ва энг аввало шу йўналларни молиялаштириш бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берилди.

Ушбу ишларни амалга ошириш жараёнида харидлар масаласини тўғри ташкил қилиш, зарур техник воситалар захирасини яратиш ва уни янгилаб бориш зарур эканлиги айтиб ўтилди.

Бошқарув раиси II ярим йилликда 109 та қудуқни бурғилаш, 275 та қудуқни капитал таъмирлаш, интенсификация ва перфорация қилиш ишларини бажариш бўйича чора-тадбирларни белгилаб берди.

Ўз навбатида йил охирига қадар 12 та технологик объектларда модернизация, реконструкция ишлари олиб борилиб, газни дастлабки тайёрлаш қурилмалари ҳам ишга туширилади.

Шунингдек, “Денгизкўл” ва “Жанубий Тандирча” конларида сиқув компрессор станциялари сентябрь-ноябрь ойларида фойдаланишга топширилади, натижада кунлик қўшимча 1,5 млн куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришилади.

Йиғилиш давомида инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши, трансформация, экспорт ҳамда рақамлаштириш-ахборотлаштириш масалалари ҳам алоҳида кўриб чиқилди.

Бошқарув раиси маҳаллийлаштириш йўналишига алоҳида эътибор қаратиб, ҳар ойда камида бир маротаба маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари билан учрашув ташкил қилиш ҳамда улар билан доимий алоқаларни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Ушбу йиғилишда табий газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш, қудуқлар ҳамда конларнинг аҳволи бўйича ҳар куни муҳокамалар ўтказиш ҳамда мавжуд муаммоларни муҳокама қилиб, аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|