“Ўзбекнефтгаз”: Кадрларнинг узлуксиз малакасини ошириш тизими жорий этилди (фото)

Бош саҳифа Русский

Кадрлар малакасини ошириш касбий билим ва амалий кўникмаларини замонавий талаблар асосида чуқурлаштириш ҳамда янгилаб боришни таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тизимда кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишлар – Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” асосида олиб борилмоқда.

Ҳозирги вақтда жамият тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда жами 40 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади.

Республика нефть-газ тармоғи учун олий маълумотли малакали кадрлар тайёрлашни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 январдаги ПҚ–564-сонли қарори билан И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали ташкил этилган. Олий таълим муассасаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ ташкилий тузилмасига киритилган.

Ушбу олий таълим муассасанинг асосий мақсади – Ўзбекистон Республикасининг кадрларни тайёрлаш миллий дастури доирасида республикамизни нефть ва газ соҳаси учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдан иборатдир. 2012–2020 йиллар мобайнида 1397 нафар талаба ушбу унверситетда ўқишни тамомлади.

Соҳа корхоналарини ўрта махсус маълумотли кадрлар билан таъминлашда “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибида Бухоро ҳамда Фарғона нефть ва газ саноати коллежлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

1991–2020 йилда 15101 нафар ўқувчи Бухоро нефть ва газ саноати коллежини, 4606 нафари эса Фарғона нефть ва газ саноати коллежини тамомлади.

Ушбу коллежларда тизимдаги корхоналарнинг талаб-эҳтиёжлари ўрганилиб, қабул квоталари ажратилади. Бу таълим масканларига корхоналар ўзининг малака талабларини, шу касбнинг илмини, ўқитиш технологиясини беради, шундан кейингина мутахассис тайёрланади. Натижада, коллежнинг ҳар бир битирувчиси муайян иш жойига эга бўлади.

Шунингдек, соҳа ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Банк-молия академияси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда тизимдаги “UNG training” МЧЖ ва бошқа малака ошириш марказларида ўзларининг раҳбарлик қобилиятлари ва касбий билимларини оширмоқдалар.

Бошқарув кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида илмий-амалий ҳамкорлик қилиш мақсадида 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида илмий-амалий ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув имзоланган.

Бугунги кунга қадар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясини 40 нафар, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабини 100 нафар ва Банк-молия академиясини 20 нафардан зиёд ходимлар ушбу таълим муассасаларининг магистратурасида таҳсил олишган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясининг қайта тайёрлаш ва қисқа муддатли малака ошириш курсларида 500 нафардан зиёд ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида ҳам 500 нафардан зиёд ходимлар ўқитилган.

Шу билан биргаликда, ходимларни билим ва амалий кўникмаларни замонавий талаблар асосида чуқурлаштириш мақсадида Россиянинг “Газпром”, “Лукойл”, Япониянинг нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорлик маркази (JCCP), АҚШнинг “General Electric Oil & Gas” каби бир қатор чет эл компаниялари ва ўқув марказлари билан кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Жумладан, Япониянинг нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорлик маркази (JCCP)да 100 нафардан ортиқ, Япониянинг “Toyo Enjineering Corporation” компаниясида 60 нафар, “JOGMEC-TRC” ўқув марказида 15 нафар, Россиянинг “Лукойл” компаниясида 150 нафар, “Газпром” компаниясида 50 нафар, Кореяда 10 нафар, Хитой Халқ Республикасида 70 нафар, Вьетнам давлатида 10 нафар, “General Electric Oil & Gas” компаниясида 150 нафар ходим билим ва малакаларини оширишди.

Бундан ташқари, Япония ҳукуматининг беғараз равишда бериладиган дастури (JDS) бўйича 2 нафар ходим Япония халқаро университетининг магистратурасида ҳамда 4 нафар ходим “General Electric Oil&Gas” компаниясининг нефть ва газ университетида 6 ойлик курсларида таҳсил олишган.

Маълумки, корхонанинг ривожи кўп жиҳатдан иқтидорли, юксак салоҳиятли ёшларга, бўлажак малакали мутахассисларга боғлиқ. Шу сабаб ҳам И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали талабаларини рағбатлантириш ва мотивация қилиш, уларни билим олишга ва илмий-тадқиқот фаолиятга жалб қилиш ҳамда интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг стипендияси жорий этилди ва 8 нафар талаба танлаб олинди.

Шунингдек, тиббиёт олийгоҳларида таълим олаётган иқтидорли талабаларнинг келгусида ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, шифокорлик касбига бўлган эътиборини янада ошириш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида 6 та тиббиёт олийгоҳининг 18 нафар талабалари учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси тайинланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|