“Ўзбекнефтгаз”: Молиявий ва комплаенс назорати департаменти томонидан 39,2 млрд сўмга оширилган ҳолда ҳисоб-китоблар тақдим этилгани аниқланди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириқлари асосида қонун бузилиши ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш, қурилиш соҳасида хатоликларни камайтириш мақсадида, Молиявий ва комплаенс назорати департаменти бошчилигида Жамиятнинг малакали мутахассислари жалб этилган ҳолда ишчи гуруҳ тузилиб, бир қатор профилактик тадбирлар амалга оширилди.

Ушбу тадбирлар доирасида ишчи гуруҳ томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Учқир олтингугуртдан тозалаш блокида Пропан-бутан аралашмасини ишлаб чиқариш қурилмаси” объектида қурилиш-монтаж ишларининг расмийлаштирилиши, ҳисоботларнинг юритилиши ва маблағларнинг самарали ишлатилиши билан боғлиқ жараёнлар ўрганилди.

Маълумот учун: Лойиҳа қуввати 4,5 млрд куб метр табиий газни қайта ишлаш орқали йилига 80,35 минг тонна суюлтирилган газ ва 37,57 минг тонна конденсат ишлаб чиқариш бўлиб, бунда юздан ортиқ қўшимча иш ўрни очилиши кўзда тутилган.

Олиб борилган ўрганишлар натижасида қурилиш объекти бўйича харид қилинган материаллар, ускуна ва жиҳозлар бўйича ҳисоб-китоб ишларининг тўғри юритилмаганлиги, лойиҳа-смета ҳужжатларида бир қатор иш ҳажмларининг ошириб кўрсатилганлиги, Бош пудратчи “Муборакнефтгазмонтаж” АЖ томонидан тақдим этилган машина-механизмлар нархлари, жиҳоз ва материаллар ҳамда бир қатор иш турларига ШНК меъёрларининг нотўғри қўлланилганлиги ва амалда фойдаланилмаган машина-механизмлар, материал ресурсларининг таклиф этилиши натижасида, мазкур объектнинг қиймати 39,2 млрд сўмга оширилган ҳолда ҳисоб-китоблар тақдим этилганлиги аниқланди.

Ўрганиш натижасига кўра, “Ишчи гуруҳ” томонидан буюртмачи ва пудрат корхонаси вакилларига тегишли амалий таклиф, тавсиялар берилди, ҳисоботлардаги ноаниқликлар бартараф этилди, шунингдек, Жамият раҳбарияти томонидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, келгусида юзага келиши мумкин бўлган бир қатор салбий ҳолатларнинг олди олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|