“Ўзбекнефтгаз”: “Кўкдумалоқ” ва “Жанубий Кемачи” конларида нефть қазиб олиш ҳажми ошди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз”: “Кўкдумалоқ” ва “Жанубий Кемачи” конларида нефть қазиб олиш ҳажми ошди

Сўнгги олти ой мобайнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Муборак, Газли, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларига қарашли конларда бўлиб, табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида бир қатор вазифалар берилган эди.

Белгиланган вазифалар амалга оширилиши эвазига "Ўзбекнефтгаз" АЖ нефть конларида ижобий натижаларга эришилди.

Жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли нефть қазиб олиш конларининг қудуқларида оптимизация ишлари олиб борилди.

Қудуқларнинг иш режими қайта кўриб чиқилиб, унумдорлиги юқори бўлган қудуқларнинг устки босими 2-3 атмосферага камайтирилди, шунингдек, газлифт усулида ишлатилаётган қудуқлар “пускавой муфта”лари, қудуққа тескари газ бериш орқали текшириб кўрилди.

Натижада қатламдан келаётган механик аралашмалар натижасида “пускавой муфта”ларда хосил бўлган тиқинлар бартараф этилди ва қудуқдан келаётган нефть миқдори ортишига олиб келди.

Олиб борилган тадбирлар ўз натижасини кўрсатиб, “Кўкдумалоқ” конида нефть қазиб чиқариш кўрсаткичи кунлик 5 тоннага етказилди. "Жанубий Кемачи" конида ҳам бир кунда 5 тонна нефт қазиб чиқарилди.

Жами бошқармага қарашли нефт қудуқларида оптимизация ишлари бажарилиб, нефть қазиб чиқариш кўрсаткичи кунлик 10 тонна оширишга эришилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|