“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Қашқадарёдаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари, конлар ва қудуқлардаги ҳолатни ўрганмоқда (Фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 9 январь куни имзоланган ПҚ–4563-сонли “2020–2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор имзоланган эди.

Ушбу қарорга мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш” бошқармасида мавжуд учта пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини (УППБС-3/1, 2, 5) модернизация қилиш” бўйича қиймати 49,0 млн. долларлик инвестиция лойиҳасини амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва “Ишчи гуруҳ” ушбу инвестиция лойиҳасининг амалга оширилаётгани, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари, заводлар ҳамда табиий газ қазиб чиқариш конларидаги ҳолатни ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлди.

Бошқарув раиси томонидан, ушбу лойиҳа мавжуд пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаларида йилига қўшимча 61,0 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ишлаб чиқаришга ва бунинг асосида ички бозорда ушбу маҳсулотга ошиб бораётган талабни қондириш мумкинлиги таъкидланди ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Лойиҳани амалга ошириш учун 19,7 млн. долларга тенг Украинанинг “Сумское НПО”, Россиянинг “КМПО”, “НИПИ НГ ПЕТОН”, “Электростандарт-прибор”, “Пегас”, “ЧТПЗ”, Швейцариянинг “Endress+Hauser” ва бошқа чет эл заводларида ишлаб чиқарилаётган ускуналарни импорт асосида харид қилиш кўзда тутилган ҳамда 11 та хорижий шартномалар тузилган.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан карантин даврида ушбу шартномалар бўйича ишларни тўхтатмаслик ва узлуксиз иш ташкил қилиш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, қурилишда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар учун барча шароитларни яратиш, уларнинг ойлик-маошларини ўз вақтида бериш, антисептик ва тиббий ниқоблар, махсус кийимлар билан таъминлаш кераклиги ҳам таъкидланди.

Ускуналар бўйича тайёрлаш ва етказиб келиш ишлари бошлангани, аммо бу борада бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди, қисқа муддатда ускуналарни олиб келиш ва бу борада самарали иш ташкил қилиш кераклиги айтилди.

Бутун дунёда карантин ҳолати бўлиб турганига қарамай, аллақачон сиқув компрессори станциясининг бир нечта алмашувчи ички қисмлари, турбоблок, “НК-16 СТ” туридаги газ турбинали двигатель, суюлтирилган газни сақлаш сиғимлари, сепараторлар, лаборатория жиҳозлари каби ускуналар келтирилгани эса алоҳида эътироф этилди.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Бош пудратчи – “Муборакнефтгазмонтаж” МЧЖ томонидан қурилиш ишларининг 27 фоизи бажарилган бўлиб, қурилиш-монтаж ишларини жорий йилнинг ноябрь ойида якунлаш вазифаси белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида узлуксиз иш ташкил этилишини назорат қилиш мақсадида, Қашқадарё вилояти ҳудудида жойлашган бошқарма, завод, конлар ва қудуқлар фаолиятини ўрганмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|