“Ўзбекнефтгаз”: Коррупцион хавф-хатарларни олдини олишда алоқа каналларидан самарали фойдаланиш ва меҳнат жамоасининг муносабатларини ўрганиш масалаларига янгича тарзда эътибор қаратилмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг тегишли топшириқларига асосан, тизим таркибига кирувчи бошқармалар (завод), корхоналар ва нефть базаларда коррупция хавф-хатарларини ўрганиш, олдини олиш ҳамда яқин истиқболда оқибатларини бартараф этишга, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш сиёсатини кенг тадбиқ этишга қаратилган навбатдаги тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, коррупцияга нисбатан “ноль бардошлик” ҳамда “қонун устувор ва жазо муқаррар” тамойиллари мавзусида ўқув семинарларни ташкил этиш, коррупциянинг оқибати ва уни олдини олишда жамоатчилик иштироки муҳимлигини акс эттирувчи кўргазмавий баннер ва брошюралардан кенг фойдаланиш амалиётда қўлланилиб келинмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Жамиятда ишчи-ходимларнинг ва жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш борасида алоқа каналлари жорий этилган бўлиб, улар замонавий платформалар, яъни ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлар билан биргаликда “ишонч” телефонлари орқали ҳам мурожаатларни ўрганиш механизми йўлга қўйилган.

Шундай самарали тадбирлардан бири бу жойлардаги ҳудудий комплаенс инспекторлари томонидан ўз ваколатлари доирасида корхона ишчи-ходимлари ўртасида мунтазам равишда аноним сўровномалар ўтказиш ҳисобланади. Бунда, расмий сайт, махсус онлайн платформаларда ва ижтимоий тармоқлар орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг исталган ишчи-ходими ўзи хақидаги маълумотларни сир сақлаган ҳолда умумий таҳлиллар ва ўрганишлар ўтказиш учун, “Сизнингча коррупциянинг асосий сабаблари нимада?”, “Корхонангиз раҳбариятининг порахўрлик ва коррупцияга қарши курашишга бўлган муносабатини қандай тавсифлаган (таърифлаган) бўлар эдингиз?”, “Сизнингча корхонанинг қайси жараёнларида коррупция ҳолатлари учрайди?”, “Сизга коррупция ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳақида хабар беришга нималар тўсқинлик қилади?”... шу каби саволларга жавоб қолдириши мумкин.

Аноним сўровноманинг коррупция хавфини вақтида аниқлаб, уни бартараф этишда самарали усул эканлиги, Жамият ишчи-ходимлари фикр билдириш жараёнида салбий оқибатлардан ҳимояланганлигини хис этиши ва кейинчалик айрим масъул раҳбар ходимлар ёки меҳнат жамоаси томонидан босимга учрамасликлари кафолатланганлиги билан боғлиқдир.

Шунингдек, Жамият тизимидаги бошқармалар, завод ва корхоналарда коррупцияни олдини олишга йўналтирилган баннерлар ўрнатилиши, ходимлар фойдаланиши учун брошюралар чоп этилиши, алоқа каналларидан эркин фойдаланилиши ҳам ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|