“Ўзбекнетфгаз”: Коррупцияга қарши комплаенс назорат тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖда коррупцияга қарши комплаенс назорат тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, “KPMG” халқаро аудиторлик консалтинг компанияси ва Жамият масъуллари иштирок этишди.

Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан республикада коррупция иллатига қарши кураш учун комплаенс назорат тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ–4664-сонли Қарорига мувофиқ, тизим бошқармалари ва корхоналарда ҳам комплаенс назорат тизими йўлга қўйилганлиги алоҳида эътироф этилди.

“KPMG” халқаро аудиторлик консалтинг компанияси экспертлари Ирина Бурдикова, Игорь Лебедевлар томонидан ғарб ва МДҲ давлатларида комплаенс тизими жорий этилиши босқичларига, халқаро йирик тижорат компаниялари, хусусан, нефть ва газ соҳасида фаолият юритувчи илғор корхоналарда комплаенс назорат тизимининг самарадорлиги ҳақида сўз юритилди. Улар Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш жараёнлари мутлақо янги ривожланиш босқичига кўтарилганлигини мамнуният билан таъкидлашди.

Республика Ҳисоб палатаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари бир қатор Давлат бошқарув органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши курашиш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга, уларда комплаенс назоратни жорий этишнинг ўзига хос жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтишди.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тасдиқланган 2020–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ва олдини олишга қаратилган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажарилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбир давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Молиявий ва комплаенс назорат департаменти томонидан Жамият мулкини талон-торож қилинишининг олдини олишга қаратилган, ходимларнинг ижтимоий аҳволини ва иш шароитларини яхшилаш ҳамда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган қўшимча чоралар ҳақида маълумотлар берилди.

Хусусан, Жамиятнинг харид тизимини тубдан янгилаш, эҳтиёж шаклланишидан харид амалга оширилгунга қадар бўлган жараёнда иштирокчиларнинг масъулиятини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жамиятда амалга оширилаётган қурилиш соҳасидаги қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган назорат чораларини қўллаш ва тегишли меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ҳам ана шундай тадбирлардан биридир.

Бундан ташқари, ходимларни ишга қабул қилиш бўйича шаффофликни таъминлаш мақсадида, бўш иш ўринларини Интернет тармоқларида ва Жамиятнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилиб борилмоқда ва реал вақт режимида тест синовларидан ўтказиш йўлга қўйилган.

Коррупция ва манфаатлар тўқнашуви хавф-хатарлари юқори даражада бўлган йўналишлар алоҳида таҳлил қилиниб, қўшимча назорат чоралари қўлланилмоқда. Айни пайтда “Кучлик нефть базаси”да тажриба сифатида автоматлаштирилган ҳисоб тизими тадбиқ этилди ва бугунги кунда қолган нефть базаларида ҳам ушбу тизимни жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхоналарда ташкилий, молиявий ва хўжалик жараёнларини мониторинг қилиш ва бошқаришга йўналтирилган, инсон омилини қисқартириш ва коррупцияга оид хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга йўналтирилган корпоратив ахборот тизими жорий этилмоқда.

Шунингдек, рақамли технологияларни жорий қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларини бошқариш тизимини автоматлаштириш ва табиий газ ҳисобини юритишда аниқлик даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Давра суҳбати қизғин бахс ва мунозараларга бой тарзда давом этди. Тадбир сўнггида, томонлар халқаро тажрибалар билан ҳамнафас ишларни олиб борилиши лозимлигини, ўзаро фикр алмашиш мақсадида, бу каби давра суҳбатларини мунтазам ташкил этиб боришга келишиб олишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|