“Ўзбекнефтгаз”: “Кўкдумалоқ” газни комплекс тайёрлаш қурилмасида кунлик газ ва конденсат ажратиб олиш ҳажми қисқаришининг олди олинди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ “Муборак” нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Кўкдумалоқ” газни комплекс тайёрлаш қурилмасидаги таъмирталаб турбодетандер агрегатига қўшимча моноблокли агрегат монтаж қилинди.

Қурилмадаги 2006 йилда ўрнатилган турбодетандер агрегати узоқ йиллардан буён ишлатилиб келинаётганлиги сабаб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Унинг тўхтаб қолиши эса кунлик газ ва конденсат ажратиб олиш ҳажмининг қисқаришига сабаб бўлади.

Муаммони бартараф этиш учун малакали мутахассислар унга қўшимча тарзда моноблокли агрегатни монтаж қилишди. Бошқармага қарашли “Кўлтак” конида қатлам босими тушиши эвазига, ҳозирги кунда ишлаб чиқаришда ишлатилмай келинаётган МТДА-4,9-6,8-МП-У1 моноблокли турбодетандер агрегатидан фойдаланилди.

Натижада, эскирган ва таъмирлашда кўп харажат талаб этадиган турбодетандер агрегати (ТДА) ўрнига моноблокли турбодетандер агрегати ўрнатилди.

Конструкторлик ҳужжатлар асосида созлаш ишларидан сўнг, агрегат роторига нормал левитация (муаллақ ҳолат) берилиб, муваффақиятли ишга қўшилди ва кунлик 9 тонна газ конденсати ажратиб олиш ҳажми қисқаришининг олди олинди.

Бундан ташқари, агрегатни таъмирлаш учун зарур импорт эҳтиёт қисмларига ва чет эл мутахассисларини (Франция ва Украина давлатлари) жалб қилишга кетадиган сарф-харажатлар тежаб қолинди.

Маълумот учун: “Кўкдумалоқ” газни комплекс тайёрлаш қурилмаси Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 1995–2002 йилларда қуриб битказилган. Ушбу қурилма йилига 7,59 млрд. куб метр табиий газни қайта тайёрлаш қувватига эга.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|