“Ўзбекнефтгаз” АЖ барча маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни импортдан харид қилинадиган маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича саноат кооперацияси ҳамкорлигига таклиф этади

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 августдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4812-сонли ҳамда 2021 йил 2 июлдаги “Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ–5171-сонли қарорлари асосида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида давлат хариди соҳасини янада такомиллаштириш, коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, харидлар тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини кўпайтириш бўйича тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу чора-тадбирлар доирасида харидлар жараёнларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, улар билан саноат кооперацияси ҳамкорлиги асосида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни тезкор ўзлаштириш, лаборатория ва саноат-тажриба синовларидан ўтказиш жараёнларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, биргина жорий йилнинг январь-июль ойларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ импортни ўрнини босиш дастури доирасида 203,3 млн АҚШ доллари эквивалентидаги (режага нисбатан 139,8 фоиз) маҳсулотлар импортини қисқартириш самарадорлиги эришилди, шу жумладан, 167,8 млн АҚШ доллари (148,8 фоиз) маҳаллийлаштириш лойиҳалари ва 35,5 млн АҚШ доллари (108,6 фоиз) кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига.

Бундан ташқари, апрель-июль ойларида Навоий, Термиз, Бухоро ва Нукус шаҳарларида ташкил этилган ҳудудий саноат ярмаркаларида имзоланган меморандумлар доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш ва саноат-тажриба синовларидан ўтказиш бўйича 31 та “Йўл хариталари” имзоланиб, ижрога қаратилди. Шу жумладан, “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси – 23 та, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи – 3 та, Шўртан кимё мажмуаси – 3 та, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва Муборак газни қайта ишлаш заводи – 1 тадан.

Таъкидлаш жоизки, саноат корхоналари асбоб-ускуналарининг ўзига хослиги, бурғилаш, қазиб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнларининг мураккаб технологик босқичларни ўз ичига олиши сабабли бир қатор маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар импортдан харид қилиниб келинмоқда.

Кўриб чиқилаётган даврда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тармоқ корхоналари томонидан 42,8 млн АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар импорти амалга оширилган (ўтган давр кўрсаткичига нисбатан 79,5 фоиз).

Жумладан, “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси – 32,0 млн АҚШ доллари, Шўртан газ кимё мажмуаси – 7,1 млн АҚШ доллари, Муборак газни қайта ишлаш заводи – 1,4 млн АҚШ доллари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи – 1,1 млн АҚШ доллари, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси – 0,9 млн АҚШ доллари, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси – 0,3 млн АҚШ доллари ва бошқалар.

Мазкур даврда ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қудуқларни бурғилаш ва капитал таъмирлаш ишларини амалга оширишда республикада ишлаб чиқарилмайдиган металл қувурлар (20,0 минг тонна), бурғилаш долоталари (600 дона), чоксиз қувурлар (3,5 минг тонна), қудуқ устки жиҳозлари (60 дона), турли хил кимёвий реагентлар хариди ҳам амалга оширилган.

Шу муносабат билан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ барча маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни 2021 йилнинг IV чораги ва 2022 йил эҳтиёжи учун импортдан харид қилинадиган маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материалларни ўзлаштириш бўйича саноат кооперацияси ҳамкорлигига чақиради.

Шу мақсадда ташкил этилган “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ung.cooperation.uz манзилидаги Виртуал кўргазмаси ҳамда https://t.me/ungcooperation манзилидаги телеграм гуруҳида барча импорт маҳсулотларининг техник характеристикаси, уларга талаб этиладиган стандартлар, миқдор ва сифат кўрсаткичлари билан танишишингиз мумкин.

Соҳанинг малакали мутахассислари реал вақт режимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қизиқтирган барча саволлар, хусусан маҳсулотларни лаборатория ва саноат-тажриба синовларидан ўтказиш, харид ва тўлов жараёнларини ташкил қилиш каби саволларга жавоб беришга тайёр (маълумот учун телефонлар: 71-202-2772 (307, 322).

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ўтказилаётган тендер савдолари ва конкурслар ҳақидаги энг сўнгги маълумотларни қуйидаги веб-ресурслардан олишингиз мумкин:

🌐 https://www.ung.uz/business/tender/6/1

🌐 https://exarid.uzex.uz/

🌐 https://tenderweek.com/

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|