“Ўзбекнефтгаз”: Маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорлик сабаб 15,2 млн АҚШ долларидан ортиқ импорт ҳажмини қисқартиришга эришилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 майдаги 324-сонли “2021 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тармоқ корхоналари томонидан Навоий, Термиз, Бухоро ва Нукус шаҳарларида ташкил этилган ҳудудий саноат ярмаркаларида иштирок этилди.

Мазкур тадбирлар давомида тармоқ корхоналари томонидан маҳаллий тадбиркорлик субъектлари билан жами 124 та саноат кооперацияси ҳамкорлигини ўрнатиш бўйича меморандумлар имзоланган бўлиб, ҳозирда уларни амалга ошириш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмоқда.

Саноат кооперациясини ўрнатишда тизим таркибидаги барча корхоналар қамраб олинди, шу жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ – 23 та, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ – 33 та, “Uz-Kor Gas Chemical” ҚК МЧЖ – 14 та, “Шўртан ГКМ” МЧЖ – 17 та, Шўртан НГҚЧБ – 7 та, Муборак НГҚЧБ – 1 та, Муборак ГҚИЗ – 3 та, “Ўзнефтқудуқтаъмирлаш” МЧЖ – 12 та, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ – 4 та, “Uzbekneftegaz GTL” заводи – 10 та меморандумлар.

Ўзаро ҳамкорлик меморандумларини имзолаш орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва тармоқ корхоналари томонидан маҳсулотларни тармоқлараро кооперация усулида ишлаб чиқариш бўйича янги поғоналар забт этилмоқда. Ишонч билан шуни айтиш мумкинки ҳозирда имзоланган шартномалар келажакда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация алоқаларини ўрнатишда улкан туртки ва асос бўлади.

Айни пайтга келиб, юқорида санаб ўтилган меморандумларни ижроси доирасида республика ягона электрон кооперация портали орқали умумий қиймати 3,7 млрд. сўмлик 18 та шартномалар имзоланиб, ижрога қаратилди. Шу жумладан, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ – 2,34 млрд.сўмлик 8 та шартнома, “Шўртан ГКМ” МЧЖ – 1,0 млрд.сўмлик 6 та шартнома, “Uz-Kor Gas Chemical” ҚК МЧЖ – 0,09 млрд. сўмлик 2 та шартнома, “Ўзнефтбурғилашишлари” МЧЖ – 0,08 млрд сўмлик 1 та шартнома ва Муборак ГҚИЗ - 0,18 млрд сўмлик 1 та шартнома.

Саноат ярмаркалари доирасида имзоланган меморандумларни самарали амалга ошириш мақсадида томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар, саноат-тажриба синовлари ва малакали алмашинувини ташкил этиш каби тадбирларни ўз ичига олган қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Хусусан, бугунги кунга келиб меморандумлар доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни бевосита ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш ва саноат-тажриба синоваларидан ўтказиш бўйича 29 та “Йўл хариталари” имзоланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида 15,2 млн АҚШ долларидан ортиқ импорт ҳажмини қисқартиришга эришилиши кутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|