“Ўзбекнефтегаз”: Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 61 млрд сўмдан зиёд 40 дан ортиқ шартномалар имзоланди (Фото+видео)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ–4812-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 январдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан, ишлаб чиқариш жараёнларига маҳаллий корхоналарни жалб этиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, тармоқ корхоналари жорий фаолияти ҳамда уларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари учун юқори қувватли нефть ва газ ускуналари “Ўзбекхиммаш заводи” АЖ томонидан етказиб берилмоқда. 2020 йил давомида мазкур корхона билан умумий қиймати 61 млрд сўмдан зиёд 40 дан ортиқ шартномалар имзоланди. Мазкур шартномалар бўйича 2020 йилда маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотлар, шу жумладан, газ тозалаш фильтрлари, насослар учун алоҳида қурилмалар, турбокомпрессорлар, фланецлар, катта ўлчамли идишлар, газ конденсат сақловчи идишлар етказиб берилди.

Куни кеча “Ўзбекхиммаш заводи” АЖ ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ фаолияти учун зарур бўлган совутиш қурилмалари учун зарурий ускуналарни етказиб бериш имкониятлари икки корхона раҳбар ва мутахассислари иштирокида видеоконференцалоқа орқали муҳокама қилинди. Мазкур йиғилишда буюртмаларда маҳсулот сифатини ошириш, уларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилиб, чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Бундан ташқари, тармоқда маҳаллийлаштириш даражасини кенгайтириш бўйича “Сорбент тренд” МЧЖ билан “Муборак” газни қайта ишлаш заводида ишлатиладиган активлаштирилган кўмирни регенерация қилиш, Россия Федерациясининг “Силур” компанияси билан зичлаш маҳсулотлари, қистирмалар, “Жиззах Дриллинг” МЧЖ билан бурғилаш долоталари, элеваторлар ва бошқа эҳтиёт қисмларни саноат кооперацияси усулида ўзлаштириш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, расмийлаштирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|